Сайёҳлик - мамлакатимиз иктисодий-ижтнмоий тараққиётининг асосий соҳаларидаи бири. Бутунги кунда ушбу соҳа хизмат кўрсатишнинг энг замонавий ва юкори даромад келтирадиган тизимига айланди.
Аҳолини иш билан таъминлаш, мамлакатда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳажмини кўпайтиришда, аҳоли турмуш тарзининг яхшилана боришида сайёҳликнинг ўрни беқиёс. Шу боисдан туризм имкониятлари катта бўлган Хоразм вилоятида, айниқса унинг энг гўзал ва қадимий гўшаси Хивада бу соҳани ривожлантириш долзарб, устувор вазифалардан биридир.
Бу борада қандай амалий ишлар қилинмоқда ва келгусида сайёҳлик ривожи, истиқболи учун нималарга эътибор қаратиш лозим;
Хива туризм ва бизнесни ривожлантириш марказида япониялик бир гуруҳ сайёҳлик соҳаси мутахассислари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.
- Сайёҳлик соҳасига эътиборни қанчалик оширсак, иқтисодий юксалиш, турмуш фаровонлиги ҳам шу қадар оша боради. Айниқса ҳалқаро туризм ва бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш иқтисодий ислохотларни ҳаётга татбиқ этишнинг муҳим йўналишларидан бири хисобланади, - деди давра суҳбатини бошлаб берган “Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов. - Туризм тараққиётга йўл очади. Юрт ободлиги, дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланишида унинг ўрни салмоқли. Сайёҳликни ривожлантириб, унинг кенг имкониятларидан унумли фойдалансак юртимиз янада обод, гўзал бўлади, кўркига кўрк, ризқига ризқ қўшилади.
Президентимизнинг “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги Қарори бу борада кенг имкониятлар уфқини очди.
Қарор асосида Хивада кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. 20 дан ошиқ қўшимча сайёҳлик хизматлари йўлга қўйилади. Аввалдан мавжуд меҳмонхоналар қайтадан жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган даражада қайта таъмирланади. 14 та янги меҳмонхона қурилади. Янги боғлар, хиёбонлар, гулзорлар яратилади, рангли фавворалар ўрнатилади. Маданият ва истироҳат боғида намунали ҳордиқ чиқариш имкониятлари туғдирилади. Энг асосий масала ана шу имкониятлардан тўғри, оқилона фойдаланишдир. Сайёҳларнинг ўз қизиқиши, дунёқараши, талаб ва эхтиёжлари борки, буларни яхши билмасдан, англамасдан туриб, бирон натижага эришиб бўлмайди. Айтайлик, хориждан келган меҳмон овқатланмоқчи. Хўш, унга қайси фаслда, қандай таомларни, қандай ичимликларни, салатларни тавсия қилиш мумкин; Ёки уларнинг дам олишларини ташкил қилишда нималарга эътибор қаратиш лозим;
Хива туризм ва бизнесни ривожлантириш марказида бу борада қатор ибратли ишлар қилинмоқда. Махсус мониторинг ўтказилиб, меҳмонхоналар, хамроҳ таржимонлар фаолияти, музей ва тарихий обидалар билан таништириш жараёни, ресторанлар ва бошқа овқатланиш шохобчаларининг хизмат кўрсатиш даражалари аниқ бахоланиб, тегишли йўл-йўриқ, тавсиялар бериб борилаяпти.
- Биз бунинг гувохи бўлдик, - дейди Япониянинг туристик агентликлар ассоциацияси халқаро туризм департаменти бош менежери ўринбосари Южи Иида. - Хива туризм ва бизнесни ривожлантириш марказида шу йилнинг февраль ойидан бошлаб мутахассис сифатида фаолият кўрсатаётган вакилимиз Мива Накагава Хоразмда сайёҳликни ривожлантириш масалалари билан шуғулланиб келяпти. Бизга у Хива ва унинг Ичон қалъаси хақида қизиқарли маълумотларни берди. Интернет тизими орқали сайёҳлик тарғиботига хисса қўшяпти. Хар ойда Хива обидалари, ўзбек халқининг қадим қадриятлари ҳақида мақолалар бериб туради. Шу билан бирга маҳаллий аҳолига япониялик сайёҳлар учун таомлар тайёрлаш ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари ҳақида билганларини ўргатяпти. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Хивага Япониядан сайёҳлар келиши йилдан йилга кўпаймоқда. Бу эса аввало, мамлакатингизда тинчлик, осойишталик хукмронлиги, қолаверса, туризмни ривожлантириш масаласига давлат томонидан катта эътибор берилаётганлигидадир.
- Биз жаҳон бўйлаб кўп мамлакатлардаги тарихий шаҳарларни кўрганмиз. Лекин Хивадек муъжизавий шаҳарни учратмадик, - деди “H.I.S” туристик компаниясининг бўлим бошлиғи Аоки Хираказу. - Обидалар худди яхлит, бир-бирига уйғун, бир-биридан салобатли ва кўркам. Бу йил компаниямизга бу шаҳарга келиш истагини билдираётганлар кўп.
- Ташрифимиз давомида “Ўзбектуризм” миллий компанияси вилоят минтақавий бўлими таклифи билан Хива атрофидаги қум, кўлларни ҳам бориб кўрдик. Экотуризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Балиқ ови, қум барханлари бўйлаб сайр, сув транспорти хизматидан фойдаланиш каби хизматларни йўлга қўйиш сайёҳлик соҳасидан келадиган даромадларни оширади, - деди “Yomiuriy Travel Service” туристик компаниясининг халқаро туризм департаменти бошлиғи Санто Хирока.
- Мен Ичон қалъа бўйлаб ҳар қадамда ҳунармандларнинг савдо расталарини кўриб қувондим. Сайёҳликдан келадиган валюта тушумларининг асосий манбалари - ёғоч, ганч, мис ўймакорлиги, қўлда тўқилган гиламлар, табиий жундан ишланган бош кийимлар, кулоллар ишлаган совғабоп буюмлар. Буларни кўпроқ ва юксак дид билан ишлаб чиқариш имконлари сизларда авлоддан авлодга ўтиб келаётган экан. Бу ҳам ишончли, ҳам қувончли, - деди “JTB Tourizm marketing” туристик компаниясининг халқаро туризм департаменти бошлиғи Ота Масатака. - Кўҳна Аркда жойлашган ёзги кинотеатрда “Ўзбекфильм” киностудияси олтин фондидан жой олган, ўзбек ҳалқи қадриятлари, урф-одатларини ўзида мужассам этган бадиий ва хужжатли фильмларнинг инглиз тилида (субтитр орқали) намойиш этилаётганлиги, Тошҳовлидаги фольклор ансамбли томошалари албатта сайёҳларга ўзгача завқ-шавқ бағишлайди.
“Kyodo News” Япония ахборот агентлиги маданият ва туризм департаменти журналисти Акио Нозава: - Реклама йўналишида олиб бориладиган ишларни жонлантириш зарур. Хива ҳақида махсус сайт очиб, обидаларни кўпроқ тарғиб қилиш, турли тилларда буклетлар, йўл кўрсаткичлар, альбомлар тайёрлаш яхши самаралар беради.
Давра суҳбатининг бошқа иштирокчилари ҳам неча асрлардан буён кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётган тарихий ёдгорликлар билан биргаликда кўплаб замонавий иншоотлар ҳам қад ростлаганлиги, ҳар бир ўзбек хонадони оиласини улкан қадрият сифатда эъзозлаши, фарзандлари истиқболига куюнчаклиги, меҳмондўстлиги, самимийлигини дилдан қувониб гапиришди. Малакали таржимонлар, йўлбошловчилар тайёрлаш, экотуризмни ривожлантириш бўйича қимматли мулоҳазаларни билдиришди.
Сайёҳлик ҳамжиҳатлик асосида равнақ топадиган истиқболли соха. Бу Хивага келаётган хорижий сайёҳлар эътирофида ўз ифодасини топаётир.