DataLife Engine / Вилоят ҳокимининг ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари ва функциялари

Вилоят ҳокимининг ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари ва функциялари

8. Қуйидагилар вилоят ҳокимининг ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
ҳудудда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, иқтидорли ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш;
узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳотларини амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари тармоқларини кенгайтириш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш, тарбиячилар, ўқитувчилар, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва жамиятда уларнинг мавқеини кўтариш;
аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш ва аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудда фармацевтика саноатини ривожлантиришни таъминлаш;
ҳудудда ногиронлиги бўлган шахсларни тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни реабилитация қилишни таъминлаш;
аҳоли, айниқса ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, мафкуравий иммунитети ва дунёқарашини юксалтиришга, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш.
9. Қуйидагилар вилоят ҳокимининг ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) ҳудудда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, иқтидорли ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёшларни ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 30 июндаги ПФ–6017-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали амалга ошириш этиш;
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини самарадор ва натижали ижросини таъминлаш;
ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, шунингдек, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлашда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларни маданият ва санъат муассасаларига, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ҳамда аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббусини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури тўғрисида”ги ПФ‒5466-сон Фармонининг ҳудудда тўлиқ ижросини таъминлаш чораларини кўради;
ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни, шунингдек, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга оширади;
ёшлар онгида Ватанга муҳаббат ва содиқлик принципларини сингдиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади ҳамда ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, чақирув тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш ишларини тизимли ташкил этади;
ёш раҳбар кадрларни тайёрлаш, ёш кадрлар захирасини яратиш ва уларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларида масъул лавозимларга кўтариш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;
ёшлар ўртасида жиноятларни содир этиш сабаблари ва шароитларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойиллиги бўлган ёшлар билан якка тартибда ишлашнинг босқичли режаларини ишлаб чиқади ва ижросини таъминлаш чораларини кўради;
ёшлар бандлигини, айниқса қишлоқ жойларда таъминлаш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтган ёшларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёшларга ҳаётда ўз ўринларини топишда кўмаклашади;
б) узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳотларини амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари тармоқларини кенгайтириш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш, тарбиячилар, ўқитувчилар, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва жамиятда уларнинг мавқеини кўтариш:
узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ислоҳотлар амалга оширилишини тизимли ўрганишни таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига илғор ўқув-педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини, ўқув ва тарбия жараёнларининг ўзаро мустаҳкам алоқаси ва узлуксизлигини таъминлаш, тарбиявий ишларнинг усуллари ва мазмунини такомиллаштириш, маънавий-ахлоқий тарбиянинг самарали ташкилий ва педагогик шаклларини жорий этиш, таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари тармоқларини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига болаларни ҳар томонлама интеллектуал, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш чора-тадбирлари комплекси амалга оширилишини таъминлаш;
умумий ўрта ва мактабгача таълим сифатининг янги даражага оширилишини таъминлаш, ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш;
халқ таълимини бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини таъминлаш, жамоатчилик назоратининг шаффофлиги ва самарадорлигига эришиш, шу жумладан, барча муассасаларнинг телекоммуникация тармоқларидан фойдаланишини таъминлаш, умумий фойдаланиладиган маълумотлар базасини яратиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг электрон рейтинг тизимини жорий қилишда иштирок этиш;
умумий ўрта ва мактабгача таълим соҳасида нодавлат хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар тармоғини улар учун ташкилий-ҳуқуқий ва техник-иқтисодий шароитлар яратиш орқали янада ривожлантиришни таъминлаш, ушбу соҳага давлат-хусусий шерикликнинг турли шаклларини самарали жорий қилишда иштирок этиш;
илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини замонавий талаблар даражасида қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш, профессор-ўқитувчи кадрларнинг педагогик ва профессионал даражасини мунтазам ошириш, уларнинг қонунчилик нормаларини, назарий илм-фан, илмий ва амалий изланишлар, ўқитилаётган фан бўйича технологик жараён ва инновациялар соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини чуқур ўрганишига кўмаклашиш ва рағбатлантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви, айниқса, янги, истиқболли соҳаларга хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларни жалб қилишга доир таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда тадбирларни амалга ошириш масалаларини мувофиқлаштириш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, муҳим муаммоларни ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш;
в) аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш ва аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ‒5590-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва молиялаштириш бўйича аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини тубдан ошириш;
соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда касалликлар профилактикаси ва саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича патронаж тиббиёт ҳамширалари ишларининг самарадорлигини ошириш ҳисобидан аҳолига, айниқса, қишлоқ жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича мониторинг олиб борилиши ташкил этилишини ва чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаш;
тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, у томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг тезкорлиги ва сифати оширилишини, уни энг янги диагностика ва даволаш ускуналари билан тизимли асосда қайта жиҳозлаш, замонавий мобил тиббиёт ускуналари ва алоқа воситалари билан жиҳозланган ихтисослаштирилган автотранспорт билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;
аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ва скрининг-марказларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик тамойилларини тарғиб этиш ва жорий қилиш асосида меҳнатга лаёқатли аҳоли, кекса кишиларнинг соғлиғини яхшилаш, жароҳатланишни камайтириш бўйича профилактика тадбирларини такомиллаштириш, фуқароларнинг ўз соғлиғи учун шахсий масъулиятини кучайтириш, геронтология, аҳолининг гендер ва ёш хусусиятлари масалаларида замонавий илмий ёндашувларни жорий этиш йўли билан аҳоли саломатлигининг муҳим тиббий-демографик тавсифи сифатида узоқ умр кўришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
катта ёшдагиларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг ҳаёти, фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимининг ишлашини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;
туғма ва ирсий касалликларнинг юзага келиши сабабларини ўрганиш ва олдини олиш, ҳудуддаги ижтимоий, табиий-иқлим шароитларига хос бўлган касалликларни ўрганиш масалаларида тиббиёт илм-фанини ривожлантириш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни жорий этиш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;
ҳудудда санитария-эпидемиологик ҳолат ва радиациявий вазият мониторинги олиб борилишини ташкил этиш ва амалга ошириш, келгусида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга, яшаш муҳити омилларининг инсонга зарарли таъсирини бартараф этишга, атмосфера ҳавоси, тупроқ, сув таъминоти манбалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ифлосланишининг олдини олишга йўналтирилган комплекс санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва ташкилий тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;
фармацевтика ишлаб чиқаришини таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни, фармацевтика тармоғи корхоналарида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш;
г) ҳудудда ногиронлиги бўлган шахсларни тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни реабилитация қилишни таъминлаш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишда комплекс ёндашувнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишинишу жумладан, ногиронликни аниқлашнинг тиббий моделидан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни реабилитация қилиш дастурларини ишлаб чиқишда уларнинг фаровонлигига таъсир кўрсатадиган барча омиллар ҳисобга олинадиган ижтимоий моделга ўтишни мувофиқлаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларининг тўғридан-тўғри иштирок этиши механизмларини яратиш;
ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг юқори самарадорлигига ва унинг мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган муайян шахслар ҳамда оилалар эҳтиёжларига мос келишига эришиш учун ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг барча даражаларида профессионал ижтимоий фаолият ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини мувофиқлаштириш;
самарали ижтимоий ҳимоя қилиш учун моддий ресурсларнинг етарли миқдорда ажратилишини, улардан оқилона ва тегишли равишда фойдаланилишини мувофиқлаштириш;
д) аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, мафкуравий иммунитети ва дунёқарашини юксалтириш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4307-сон қарорига мувофиқ фуқаролар, айниқса ёшлар онгида миллий ғояга, умуминсоний қадриятлар ва демократик принципларга асосланган дунёқарашни шакллантириш, жамоатчилик онгида мустақиллик ғояларига, Ватанга муҳаббат ва содиқлик принципларини сингдиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка самарали етказиш бўйича зарур чоралар кўриш;
оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишни ташкил этади ҳамда “маҳалла–туман–вилоят” принципи асосида ҳудудлар бўйича ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш;
“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқотнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион усулларини ишлаб чиқилишини таъминлаш;
тинчлик ва осойишталикка, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, қадрият ва урф-одатларга ҳамда инсонпарварлик ғояларига хавф солувчи турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарғибот ишларини олиб бориш учун зарур шароитлар яратиш;
10. Вилоят ҳокимининг ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлайди;
ҳудудда ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий масалаларнинг ўта муҳим ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда “йўл хариталари” лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этади ва ижросини таъминлайди;
ҳудудни ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар борасида тегишли вазирликлар, идораларлар, қўмиталар, тижорат банкларининг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилаётган ишлари самарадорлигини таҳлил қилиб боради, уларнинг натижалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрланиши ва ҳокимлик йиғилишларида муҳокама қилиб борилишини тизимли асосда таъминлайди;
ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий масалалар бўйича тегишли вазирликлар, идоралар, қўмиталар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий тузилмаларининг аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди;
туман ва шаҳар ҳокимининг ўринбосарларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш чораларини кўради ҳамда йил якуни бўйича уларнинг фаолиятини баҳолаб боради;
тегишли комиссияларга (кенгашлар, гуруҳларга) самарали раҳбарлик қилади, комиссиялар (кенгашлар) фаолиятини ташкил этади ва қарорларининг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари белгиланган тартибда ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
 
3-боб. Вилоят ҳокими ўринбосарининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
 
11. Вилоят ҳокимининг ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
ҳудудни ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича қарорлар, дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, ижросини ташкил этиш;
соҳа бўйича тегишли вазирликлар, идоралар, қўмиталар, тижорат банкларининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини доимий назорат ва таҳлил қилиш;
вазирликлар, идоралар, қўмиталарнинг ҳудудий тузилмалари, туманлар ва шаҳарлар хокимликларининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги бўйича ҳисоботларини муҳокама қилиш;
вилоят ҳокими ҳузурида ва ўзи раислигида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни ҳокимлик аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;
вилоят ҳокимининг ўринбосарига бириктирилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг коллегиал органлари мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;
зарурат бўлганда вилоят ҳокими ҳузурида ва ўзи раҳбарлигида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш.
12. Вилоят ҳокимининг ўринбосари ушбу низомнинг 9 ва 10-андларидаги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг тегишли равишда ва самарали бажарилиши учун шахсан жавобгардир. Шу жумладан:
ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича белгиланган асосий кўрсаткичларга ва мақсадларга эришилиши;
ёшларни маданият ва санъат муассасаларига, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ҳамда аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббус амалиётга татбиқ этилиши;
 “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида назарда тутилган тадбирларнинг, хусусан, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ёшлар тадбиркорлигининг кенг ривожланиши;
иқтидорли ёшларни, шунингдек, ёш оилалар ижтимоий қўллаб-қувватланиши, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратилиши, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайиши;
 “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун соғломлаштириш оромгоҳлари ва шаҳар ташқарисидаги уйларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши;
доимий равишда бевосита таълим муассасаларига чиққан ҳолда педагог ходимлар иш фаолияти самарадорлигини оширишга, таълим сифатини яхшилашга қаратилган тадбирлар ташкил этилиши, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик учун қатъий назорат амалга оширилиши, ўқувчилар тўгаракларга тўлиқ жалб этилиши ҳамда уларнинг ёзги ва қишги таътиллари мазмунли ташкил этилиши;
аҳоли саломатлиги кўрсаткичларининг йилдан йилга яхшиланиши, айниқса, аҳолининг ўртача умр кўриш ёшининг ошишионалар ва болалар ўлими, бахтсиз ҳодисалардан ўлим, юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлим кўрсаткичларининг пасайиши, онкология касалликларидан беш йиллик яшаш кўрсаткичи ошиши, бир йиллик ўлим кўрсаткичининг камайиши;
давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамнинг белгиланган ҳажмларда ва сифатда кўрсатилиши ҳамда ҳудудда нодавлат тиббиёт ташкилотлари сони ва улар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмининг ошиши;
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг ижтимоий ҳимояси давлат талаби даражасида ташкил этилиши, мазкур гуруҳга кирувчи шахсларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш орқали уларнинг сони йилдан-йилга камайиши;
маданий-маърифий, оммавий-спорт, спорт-соғломлаштириш тадбирларига аҳолининг кенг қатламини жалб этиш сонини ошириб бориш, шу орқали ҳудудда маданият ва санъатни янада ривожлантириш учун, спорт турлари бўйича ёш чемпионлар тарбияланишига етарли шарт-шароитлар яратилиши;
мавжуд маданий ва маърифий объектлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш кўрсаткичлари яхшиланиши;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланиши ҳамда уларнинг ахборот хизматлари самарадорлиги оширилиши;
ахборот-кутубхона марказлари тармоғи кенгайтирилиши ва улар томонидан хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши;
аҳолининг муҳим муаммоларини ҳал этишда маҳалла институтининг роли кучайтирилиши, фуқаролар йиғинининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан тизимли ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши учун масъулдир.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон Фармони, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида” 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ–2881-сон ҳамда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 31 майдаги ПҚ‒5132-сон қарорлари шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.
 
4-боб. Вилоят ҳокимининг ўринбосари фаолиятини ташкил этиш
 
13. Вилоят ҳокимининг ўринбосарининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек, ушбу Намунавий низомга мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг чораклик ва ярим йиллик иш режалари асосида ташкил этилади.
Ушбу иш режалар асосида вилоят ҳокими ўринбосарининг ойлик шахсий иш режалари ишлаб чиқилади ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади.
14. Вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарининг ҳисоботи вилоят ҳокимининг тезкор йиғилишларида ҳар ҳафтада эшитиб борилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг тегишли ҳисоботлари халқ депутатлари Кенгаши мажлисида эшитилади.
15. Вилоят ҳокими ўринбосарининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишини баҳолаш, улар юзасидан ҳисоботларни эшитиш ва тегиши чораларни кўриш Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Котибият мудири ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари вилоят ҳокимининг ўринбосари томонидан тасдиқланади.
16. Вилоят ҳокимининг ўринбосари фаолиятини таъминлаш тегишли котибият томонидан амалга оширилади.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари
РЎЙХАТИ

 
1. Мактабгача таълим бошқармаси.
2. Халқ таълими бошқармаси.
3. Соғлиқни сақлаш бошқармаси.
4. Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бошқармаси.
5. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлими.
6. Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармаси.
7. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳудудий бўлими.
8. Олий таълим муассасалари.
9. Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси.
10. Ҳудудлардаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар
11. Вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар
ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари – ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш масалалари юзасидан.
 
Вилоят ҳокимининг ўринбосари томонидан ўзаро ҳамкорлиги таъминланадиган ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари
РЎЙХАТИ

 
  1. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлими.
  2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳудудий кенгаши.
  3. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман, шаҳар бўлимлари.
  4. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳудудий бўлими.
  5. Касаба уюшмалари федерациясининг ҳудудий кенгаши.
5-01-2024, 16:03
Вернуться назад