|
||||||||||||||
|
|
Хоразм вилояти тўғрисида умумий маълумот
Вилоят географик ўрнига кўра 40°-31° ва 42° шимолий кенгликлар 60°-62° шарқий узунликлар оралиғида жойлашган. Ҳудуди шимолий-ғарбдан жанубий-шарққа 280 км, Урганч шаҳри жойлашган кенгликда ғарбдан шарққа 80 км атрофида чўзилган. Вилоятнинг энг шимолий чекка нуқтаси Гурлан тумани Олчин қишлоғи яқинидаги Нуронбобо тўқайига тўғри келади. Жанубий чекка нуқтаси эса Тупраққалъадан бир мунча жанубда жойлашган. Хоразм вилояти ер тузилиши жиҳатидан икки қисмга. Денгиз сатхидан 100-110 м баланд бўлган катта шимолий қисмга ва денгиз сатхидан 120-150 метргача баланд бўлган чекка жанубий қисмга бўлиш мумкин. Вилоят иқлими кескин континентал бўлиб, максимал ва минимал ҳароратлар орасидаги фарқ 78° га тенг. Вилоят ҳудудининг қумлар билан ўралганлиги сабабли ёз кунлари ҳарорат +43°+45° С даражага кўтарилади. Қиш фаслида энг паст ҳарорат -30°-33° С совуқни ташкил этади. Бу ерда ёзнинг иссиқ, қишнинг совуқ келиши об-ҳавонинг сутка давомида кескин ўзгариши, ёғин сочиннинг камлиги, ҳавонинг қуруқлиги вилоят иқлимининг асосий хусусиятларидир. Хоразм вилояти маъмурий худудий тузилиши бўйича 10 та туман ва Урганч шаҳрига ажратилади. Булар ўз навбатида; 101 қишлоқ фуқоролар йиғини, 612 аҳоли пунктлари, 3 та шаҳар ва 7 та шаҳар типидаги шаҳарчаларга бўлинади.
Вилоятда 27та йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб шундан 13таси енгил саноат корхонасига қарашлидир. Вилоятда тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш дастурига кўра саноатни қайта жихозлаш, коммуникация инфратузилмасини ривозлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада яхшилаш ва уларнинг қайта ишлашини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сохасини ҳамда сайёхликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Хозирги вақтда вилоятда 39та замонавий мехмонхоналар фаолият олиб бормокда. Автомобиль йўлларининг узунлиги 2296 километрни, шундан қаттиқ қопламли йўллар 2218 кмни ташкил қилади. Вилоятда халқаро классдаги аэропорт бўлиб, ҳозирда турли йўналишлар бўйича ҳаво йўллари билан боғланган. Вилоятда замонавий телефон тармоқлари, коммуникация системалари (алоқа, пейджер, модем ва уяли телефон) радио ва тедевидение мавжуд. Вилоятда асосан аграр соҳа ривожланган бўлиб, йилига 280-290 минг тонна яъни республикада етиштирилаётган пахта хом ашёсининг 7 фоизини ишлаб чиқаради.
Вилоят ҳудудида кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Айниқса, Хива шаҳридаги меъморий обидалар бугун дунё аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда. Бу ерда Арк, Калтаминор, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Дишанқалъа ёдгорликлари алоҳида ажралиб туради. Хивадаги Ичанқаъла ёдгорлик мажмуи эса ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шарқ дурдонаси бўлган қадимий Хива шаҳрининг 2500 йиллиги 1997 йилда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Хоразм вилояти мустақил ўзбек давлатчилигини қайта тиклаш, истиқлолимизни мустаҳкамлаш, юртимиз салоҳиятини янада ошириш, миллий қадриятларимизни кўз қорачигидек асраш ва бойитиш, ёш авлодни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун 2003 йилда Ватанимизнинг юксак мукофоти - Жалолиддин Мангуберди ордени билан тақдирланган. Маълумки, Хоразм диёри дунё цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Олимларнинг хулосаларига кўра, миллий давлатчилигимизнинг асослари ҳам дастлаб мана шу ерда яратилган. Халқимиз маьнавиятининг ноёб ёдгорлиги бўлган «Авесто» китоби ҳам Хоразм тупроғида яратилгани бугунги кунда кўпчиликка яхши маълум. «Хоразм» сўзи ҳам илк бор ана шу ноёб китобда учрайди. Хоразм сўзи форсча «хвар» - қуёш ва «азм» - ўлка, ер, юрт сўзларининг бирикмасидан келиб чиққан бўлиб, «қуёшли ўлка» деган маънони англатади. Қадимда бу заминда массагет, сак, апасак, ос, дах каби уруғ ва қабилалар яшаган. Бу кўҳна замин дунёга алгебра, алгоритм каби фанларга асос солган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Христофор Колумбдан беш юз йил олдин Атлантика уммони ортида қуруклик, номаълум қитъа борлигини айтиб, ернинг айлана шаклдаги харитасини яратган Абу Райҳон Беруний, араб тилининг мукаммал қонун-қоидаларини ишлаб чиққан, бутун мусулмон оламида Жориллоҳ, яъни Оллоҳнинг қўшниси деган номга сазовор бўлган Маҳмуд Замаҳшарий сингари алломаларни берган. Хоразм вилояти Пахлавон Маҳмуд, Султон Увайс, Носируддин Рабғузий, Сулаймон Боқирғоний, Баҳоуддин Валад ва унинг буюк ўғли Жалолиддин Румий, Абулқосим Али Хоразмий, Исмоил Журжоний, Сирожиддин Саккокий, Мунис, Баёний, Чокар, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов сингари кўплаб мутафаккир, илм-фан ва санъат намояндаларининг ватани ҳисобланади. |
Сайт бўйича қидириш
|
| При использовании материалов ссылка на Xorazm.uz обязательна. Copyright © Хокимият Хорезмской области 2008-2012 г. All Rights Reserved |
|