|
||||||||||||||
|
|
06.02.2012 ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР, АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР Иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари таъминланиши ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишида корхоналарни рақобат бозорига мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган паст рентабелли, камқувватли корхоналарни молиявий соғломлаштириш дастурига кўра, Хоразм вилоятида ўтган йили 54 та корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 222,16 миллиард сўмга етказиш белгиланган эди. Амалда эса бу кўрсаткич 278,1 миллиард сўмни ташкил қилиб, аввалги йилдагига нисбатан 56 фоиз ўсишга эришилди. Бинобарин, тўхтаб турган ишлаб чиқариш қувватлари негизида 11 янги корхона ва хизмат кўрсатиш субъекти фаолияти йўлга қўйилди. Мисол учун, айни пайтда Урганч шаҳридаги “Darital shues” масъулияти чекланган жамиятида реконструкция ишлари амалга оширилаётган бўлса, Урганч туманидаги “Урганч парранда инвест” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Лобар Сервис Ҳилол” хусусий корхонасида замонавий паррандачилик фабрикалари қурилиб ишга туширилди. Умуман, ҳозирги кунга қадар дастурга киритилган корхоналар томонидан 20,5 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилгани бу соҳадаги ишлар самараси юқори эканлигидан далолат беради. Яна бир эътиборли жиҳати, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинган банкрот корхоналарни тижорат банклари балансига ўтказиш амалиёти ўзини тўлиқ оқламоқда. Масалан, вилоят бўйича шу кунга қадар тижорат банклари балансига жами 23 та банкрот корхона мулклари ўтказилиб, уларнинг 17 таси мулкдорларга сотилди. Хусусан, ўтган йили молия муассасалари балансидаги корхоналарда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда қайта жиҳозлаш учун 17,9 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 33,3 миллиард сўмга етди. Ушбу корхоналарда 1504 нафар киши доимий даромад манбаига эга бўлди. Тижорат банклари томонидан янги инвесторларга сотилган корхоналарда ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмокда. Уларда 680 та иш ўрни яратилиши баробарида, 21,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди. “Хоразм гиламлари”, “Vikcot Impex”, “Darital shues” ва “Агромахсустузатишсозлаш” каби корхоналар шулар сирасига киради. Бундан ташқари, вилоятдаги саноат корхоналарининг ривожини таъминлаш, улардаги камчиликларни тўла бартараф этиш мақсадида республиканинг тегишли вазирлик, идоралари ва тижорат банклари билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида 2011 - 2012 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кенгайтириш, хизмат ва сервис соҳаларини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, кейинги икки йил давомида вилоят саноатини ривожлантириш учун 279 та лойиҳага 121,6 миллиард сўм ва 52,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириш мўлжалланмоқда. Мазкур хайрли мақсадлар рўёбга чиқиши билан қўшимча 3,8 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Биргина Шовот туманидаги “Шовоттекстиль” корхонасини олайлик. Мазкур ишлаб чиқариш субъектига “ОлПласт” Ўзбекистон - Англия қўшма корхонаси томонидан жами 25,4 миллион АҚШ доллари микдорида инвестиция киритиш, бунинг эвазига 5000 тонна калава ип тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш ва 220 нафар кишининг бандлигини таъминлаш мўлжалланмоқда. Бундай лойиҳаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши натижасида келгуси йилда вилоятда етиштирилган пахта толасининг қарийб 42 фоизини қайта ишлаш имконияти яратилади. Қувонарлиси, мазкур ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад битта - юртдошларимизнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш ҳамда мамлакатимизни энг тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқиш. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Хоразм вилоятида ҳам имконият ва салоҳият етарли. Озод Абидов, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси шўъба бошлиғи. “Халқ сўзи” газетаси |
Сайт бўйича қидириш
|
||
| При использовании материалов ссылка на Xorazm.uz обязательна. Copyright © Хокимият Хорезмской области 2008-2012 г. All Rights Reserved |
|