Click to listen highlighted text!
Хоразм вилояти ҳокимлиги

ДИЛШОДБЕК РЎЗМЕТОВ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ















2019 йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида катталар ўртаси бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Дилшодбек Рўзметовга Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов СПАРК автомобили совға қилди.

         Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар томонлама баркамол ва маънавий етук авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Натижада, аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ёшлар орасида спорт турларига бўлган қизиқиш тобора ошиб, шуғулланувчиларнинг доираси ҳам кундан кунга кенгаймоқда. 

         Спортнинг бошқа турлари қатори бокс тури ҳам ўғил ва қизларимиз ўртасида жадаллик билан ривожланиб бораётганини бугун алоҳида эътироф этиш ўринли. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – ёзги Олимпиада ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва қитъа чемпионати ҳамда биринчиликлари, халқаро турнирларда оламшумул натижаларни қўлга киритишмоқда.

Бугун чексиз қувонч ва фахр билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон жамоасининг рингдаги ҳаракатлари ва ғалабалари олдида мана-ман деган давлатлар боксчилари ҳам лол қолдилар.

Айниқса, айрим спортчиларимиз бундай йирик мусобақада биринчи марта қатнашишига қарамасдан, ҳайиқмай рингда жанг қилишди. Бу билан ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, бошқалардан анча устунлигини тўла намоён этдилар. 

Албатта, спортчиларимизнинг юрт шаъни ва обрўсини дунё миқёсида кўкларга кўтариш йўлидаги меҳнатлари беэътибор қолмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, уларнинг мураббийлари давлатимизнинг фахрий унвони ва медаллари билан мукофотландилар. Шунингдек, ҳар бирига Президент совғаси – пул мукофотлари ва автомобиллар топширилди.

         Муҳтарам Президентимизнинг Фармонига биноан, Дилшодбек “Келажак бунёдкори” медалига лойиқ кўрилди. Шунингдек, Президентимиз совғаси - 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва “Gentra” автомобили билан тақдирланди. 

         Паҳлавон Маҳмуд, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк сиймоларга бешик бўлган Хоразм заминининг мард ва жасур ўғлони Дилшодбек Рўзметовнинг ғалабаси қалбларимизга ғурур ва фахр ҳиссини бағишламоқда!

Дилшодбек ушбу йирик спорт анжуманда илк бор иштирок этишига қарамай, юксак истеъдод соҳиби, иқтидорли боксчи, асл хоразмийлар вориси эканлигини тўла намоён қилди.

Ҳар бир юртдошимиз, айниқса, спортчиларимиз унинг ҳар бир жанггини катта умид ва ишонч билан кутгани, унга чин кўнгилдан омад ва зафарлар тилагани унга енгилмас қанот бағишлагани шубҳасиз!

Спортчимиз Хоразм вилояти спорти тарихида янги, ўзига хос саҳифа очиб берди!. Зеро, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг шоҳсупасига кўтарилиш бу - жуда катта жасорат! 

Ҳукуматимизнинг ушбу юксак мукофоти ва совғалари билан Дилшодбекни, оила аъзоларини, яқинлари ва устозларини, шу билан бирга вилоятимиз спорти аҳлини ҳам қизғин муборакбод этамиз!

Дилшодбек Рўзметовнинг 2020 йили Япониянинг пойтахти Токио шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритиб, биз ният билдирган марраларга, албатта, етишига чин дилдан тилак билдирамиз!

Бу йўлда унга сихат-саломатлик, тинимсиз изланиш, куч-ғайрат ва буюк хоразмийлар руҳи ёр, Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!


Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив