Бош саҳифа Янгиликлар Вилоят ҳақида Тадбирлар Манзил Шаҳар ва туманлар


UZINFOCOM

UForum

Cert


ПРЕЗИДЕНТ АСАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси, Хоразм вилоят ахборот-кутубхона маркази, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси вилоят Кенгаши ва Урганч Давлат университети ҳамкорлигида вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унинг мустақилликни қадрлаш, асраб-авайлаш, мустақкамлаш ва ўзликни англашга даъват этувчи тарихий манба сифатидаги аҳамиятини кенг тарғиб этишга бағишланган амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда китобхонлар, партия фаоллари, ташкилот ва корхоналарнинг раҳбарлари ва олий ўқув юртларининг талабалари, ёшлар иштирок этдилар.

-Мазкур китобни ўқиб, ҳар биримиз 20-22 йил олдинги даврга қайтамиз. Бу китобни ўқиган ҳар бир киши Президентимиз ўша вақтдаёқ келажакни аниқ тасаввур қилиб, эзгу мақсад йўлида қатъият билан иш юритганига ишонч ҳосил қилади. Чунки 80-йилларнинг охирида мамлакатимиздаги ижтимоий вазият жуда танг ҳолатга келиб қолганига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Аёллар ва болалар саломатлиги масаласида ҳам юқорида ҳеч ким қайғурмас эди, деди конференцияда сўзга чиққан вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов. - Соғлиғи заифлашган аёллар ва болалар ўлими кўпайгани ёдимда. Аҳоли жон бошига миллий даромад собиқ иттифоқ даврида ўртача даражадан икки марта паст бўлган. Истеъмол даражаси ҳам шунга яраша эди. Президентимиз асаридан келиб чиқадиган дастлабки хулоса шуки, ҳаммамиз ўзимизга берилган хизмат вазифамиздан келиб чиққан ҳолда бу китобни нафақат ўқиб, балки таҳлил қилиб, фикрлаб, ўз олдимизга янги-янги вазифалар қўйишимиз, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз керак. Бугунги кунда иқтисодиётимиз, қишлоқ хўжалиги ривожи учун Президентимиз янги ва амалий йўналишлар бераяпти. Хизмат турларини кўпайтириш, оилавий бизнесни кенгайтириш қишлоқ аҳолиси ўртасида сервис хизматини ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланишни кенг йўлга қўйиш зарур.

Ўзбекистон Халқ Демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алишер Юсупов Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби нашр этилиши ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлганлигини, унда мустақиллик йўлини танлаган Ўзбекистон, халқимиз ҳаётида рўй берган сиёсий воқеалар, юртимизни миллий истиқлолга олиб келган оғир ва машаққатли кураш тарихининг ўчмас саҳифалари ўз ифодасини топганлигини қайд этди.

-Китобда узоқ йиллар ҳукм сурган ва тўқсонинчи йиллар бўсағасида емирила бошлаган собиқ иттифоқ, ўша даврдаги беқарорлик, Ўзбекистонда вужудга келган ўта мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият рўй-рост очиб берилган, - деди А.Юсупов. -Республикамизнинг раҳбари ўзининг биринчи маърузасидаёқ “Биз бундан кейин эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замон-нинг ўзи йўл қўймайди” дейдики, бунда озодлик ва ҳурликка интилиш руҳи яққол акс этади. Биз бу асарни чуқур ўрганишимиз, партиядошларимизга, ёшларимизга унинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама тушунтиришимиз зарур. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мустақиллиги осонликча қўлга киритилмагани ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилингани, оғир кунлар, машаққатли курашлар тарихини билишимиз зарур. Партиямиз тизимида ҳам бу китобни ўрганиш, муҳокама этиш халқ орасига чуқур кириб боришда муҳим омил бўлади. Юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг қадр-қиммати нечоғли баланд эканини ҳар бир инсон онгу шуурига сингдиришда ЎзХДПнинг фаол иштироки муҳим, деб ўйлайман.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Машариф Бекчонов Президентимиз асари халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинганлигини, бу китоб мустақилликка эришиш йўлида 1989-1991 йиллар давомида юртимизда олиб борилган ўта оғир ва машаққатли курашлар, мустақилликнинг дастлабки йили тарихига доир ноёб фундаментал асар, истиқлол арафасида чуқур танглик ҳолатидаги Ўзбекистонни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий инқироздан олиб чиқиш борасидаги курашлар акс этган ғоятда бебаҳо манба эканлигини алоҳида таъкидлади.

- Китобдаги тарихий материалларнинг каттагина қисми бевосита миллий тикланиш ва ўзликни англаш, яъни маънавият масалаларига бағишланган. Биз бу китобни, айниқса, ёшлар онгига сингдиришимиз лозим. Чунки мустақиллик уруғи сочилган даврни тушуниш китоб билан танишган ҳар бир инсон учун Истиқлолнинг қадрига етишда ишончли омил бўлади, -деди у.

Урганч Давлат университетининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори, тарих фанлари номзоди Санжар Давлетов: - Мустақилликка эришиш осон кечмагани, қанчадан-қанча оғир синовлардан ўтилгани, катта матонат ва жасорат талаб қилинганини одамлар, айниқса, ёшлар чуқур билса, мустақиллик қандай неъмат эканини юракдан ҳис этади, англайди, уни ҳимоя этади, -деди.

- Ушбу китобнинг тарихий аҳамияти шундаки, у мустақиллик арафасида республикамизда юзага келган оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол, мураккаб сиёсий вазият, собиқ марказдан туриб ўтказилган зуғумлар, халқимиз бошига солинган кулфатлар аниқ маълумотлар, ҳужжатлар асосида кўрсатиб берилган. Мустақиллик йўлида ташланган дастлабки қадамлар, курашлар нечоғли оғир бўлгани, аммо қатъий олиб борилганини англаймиз. Собиқ марказ пахта майдонларини йил сайин кўпайтиришни талаб қилиб турган, бўш ер борки, пахта экишга мажбур этилган, план қонунга айланган, уни бажармаслик жиноят саналган бир пайтда пахта майдонларини қисқартириш, қишлоқ одамларига ер ажратиб бериш-бошни гаровга қўйиш билан баробар эди.

Китобдаги ҳужжатлар мазмун-моҳиятига, воқеа-ҳодисалар ривожига эътибор қаратиб таҳлил этилса, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов халқимизни мустақилликка олиб чиқишни ўз олдига аниқ мақсад қилиб қўйгани ва бу улуғ ният йўлида қатъий кураш олиб борганини англаймиз.

“Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши бўлими мудири Райхон Давлатова айни пайтда ёшлар Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” асарини чуқур ўқиб-ўрганаётганликларини, асар ёшларга тарихимизни теран англашда муҳим омил бўлаётганини билдирди.

-Китобни ўқиш жараёнида қаттиқ таъсирландим. Чунки, биз ёшлар билмаган, аммо билишимиз зарур бўлган қанча тарихий воқеалардан хабардор бўлдим. Мазкур китобдан, билишимиз керак бўлган жуда муҳим тарихий ҳужжатлар ўрин олган. Уларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, моҳиятига етишимиз зарур. Юртбошимиз ўша оғир шароитда ҳам ёшлар тўғрисида кўп қайғурган. Ёш кадрларни тайёрлашни муҳим вазифа сифатида кун тартибига қўйган. 1989 йилдаёқ талантли ёшлар учун махсус стипендиялар ажратиш, уларни нуфузли олий ўқув юртларида ўқитиш учун ҳукумат заҳирасидан катта маблағ ажратишган. Истиқлол йилларида биз, ёшлар учун ҳамма шароитлар яратилди.

Шунингдек, конференциянинг бошқа қатнашчилари ҳам китобнинг Мустақиллик тарихини ўрганиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги муҳим аҳамияти ҳақида фикр юритишди. Президентимизнинг янги китобини қунт билан ўқиб-ўрганиш, мазмун-моҳиятини халқимиз онгига етказиш зарурлиги қайд этилди. Конференцияда “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобини соҳа ходимлари ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Элмира Ҳамидуллина,
вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари.


“Хоразм ҳақиқати” газетаси

Сайт бўйича қидириш

«    Май 2012    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31