Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Белгиланган матнни тинглаш учун ушбу тугмани босинг Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    Президентимизнинг «2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги тарихий қароридан кейин амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.


Хоразм вилояти ҳокимлигининг регламенти (120кб)
Хоразм вилояти ҳокимлигининг
Р Е Г Л А М Е Н Т И

Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100, 101-моддалари, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999-йил 12-январ 12-сонли “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида вилоят ҳокимлигининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Вилоят ҳокимлиги вилоятни ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш вазифалари амалга оширилишини, ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Олий Мажлиснинг палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари, баённомалари, топшириқлари ижросини таъминлайди.
Давлат бошқаруви органларининг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар билан алоқаларини мувофиқлаштиради, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.
3. Вилоят ҳокимлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида ҳисоб беради.
4. Вилоят ҳокимлиги ваколатларининг амалга оширилиши вилоят ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят ҳокимлигининг доимий, муваққат комиссиялари, тегишли қарорлар билан ташкил этилган бошқа ишчи органларнинг ҳамда вилоят ҳокимлиги аппаратининг ташкилий-амалий иши билан таъминланади.
5. Вилоят ҳокимлиги фаолияти вилоят ҳокими томонидан ташкил этилади.
Вилоят ҳокими қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ҳудуддаги барча органлар, корхоналар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар чиқаради.
Вилоят ҳокимининг меъёрий тусдаги ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари қарор шаклида қабул қилинади.
Вилоят ҳокимининг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлари фармойиш шаклида қабул қилинади.
6. Вилоят ҳокимлиги аппарати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 март 140-сонли қарори билан тасдиқланган “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари, шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари аппаратларида иш юритиш ва хужжатлар ижросини назорат қилишни ташкил этиш бўйича йўриқнома” ҳамда ушбу регламентга амал қилади.
Махфий ҳужжатлар билан ишлаш тартиби махсус йўриқномалар билан белгиланади.
Фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятлари бўйича иш юритиш “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида амалга оширилади.
7. Ҳокимлик аппаратининг умумий бўлими вилоят ҳокими  кўрсатмасига биноан ҳокимлик аппарати ходимларини Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда ҳокимликка келган бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳамда мазкур регламент билан таништиради.

Вилоят ҳокимлиги аппаратининг тузилмаси

1. Вилоят ҳокимлиги аппаратига ҳоким раҳбарлик қилади. Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган микдорда биринчи ўринбосар ва ўринбосарларга эга бўлади.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар.
2. Вилоят ҳокимлиги аппарати ҳоким томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган намунавий тузилма асосида халқ депутатлари вилоят Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида шакллантирилади.
Вилоят ҳокимлиги аппарати бўлимлар, гуруҳлар, ҳоким ўринбосарлари котибиятлари ва ишлар бошқармаси сингари таркибий бўлинмалардан иборат бўлади. Ушбу бўлинмалар фаолияти уларнинг раҳбарлари томонидан вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган Низомлар асосида ташкил этилади. 
Вилоят ҳокимлиги аппарати:
-соҳалар ва ҳудудларда ўтказилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан ишлаб чиқилган мақсадли дастурларнинг амалда бажарилишини таъминлайди;
-ҳокимлик муҳокамасига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган муддатда ишлаб чиқилишини ташкил қилади. Юқори ташкилотлар ҳамда ҳоким қарор ва фармойишларининг маҳаллий бошқарув органлари ҳамда идоралари томонидан ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва назоратини ташкил қилади;
- бўлим, гуруҳ ва котибият ваколатига тааллуқли масалалар бўйича таҳлилий ҳужжатларни тайёрлайди ва ҳокимликка тушган ахборот, таклиф ва мулохазаларни умумлаштиради.

Вилоят ҳокимлиги аппарати ишини режалаштириш

1. Вилоят ҳокимлиги аппарати фаолияти ҳудудни иқтисодий - ижтимоий ривожлантиришнинг истиқболга ва бир йилга мўлжалланган мақсадли дастурлари асосида тузиладиган ярим йиллик иш режалари ҳамда вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланадиган асосий тадбирлар жадвалига мувофиқ олиб борилади.
2. Вилоят ҳокимлиги Иш режасида қўйидаги масалалар назарда тутилади:
- кадрлар билан ишлаш (раҳбарлик лавозимларига кадрлар тайёрлаш ва эҳтиёж асосида мутахассис кадрлар тайёрлаш);
Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокими қарорлари ижросини ташкил этиш ҳамда назоратини амалга ошириш;
- Давлат дастурлари ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган мақсадли дастурлар ижросини ташкил этиш;
- вилоятда, ҳудудларда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилиш;
- вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш ва мажлисларини ўтказиш;
- вилоят ҳокимлик соати йиғилишларини ўтказиш;
- назорат ва ижро;
- фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 18-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун масалалар вилоят ҳокими, истисно ҳолларда эса вилоят ҳокимининг рухсати билан ҳокимнинг биринчи ўринбосари томонидан киритилиши мумкин. 
Ҳужжатлар лойиҳасининг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотлар ва бошқа материалларнинг тўғрилиги, шунингдек уларнинг тегишли органлар ва ташкилотларда келишиб олиниши учун жавобгарлик  вилоят ҳокими, истисно ҳолларда эса вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари зиммасига юкланади. 
Келишиб олиш учун юборилган ҳужжатлар лойиҳаларига тегишли органлар ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари томонидан: 
Қонун лойиҳалари бўйича-7 календар кун мобайнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳалари бўйича-3 календар кун, Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари лойиҳалари бўйича кўпи билан 2 календар кун мобайнида розилик имзоси қўйилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентининг 34-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарларидан юборилган топшириқномаларга мувофиқ ёхуд ташаббус кўрсатиш тартибида вилоят ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари лойиҳалари тайёрланиши мумкин.
Ишлаб чиқилган ҳукумат қарорлари ва фармойишларининг лойиҳалари белгиланган тартибда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамда мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишиб олингандан кейин вилоят ҳокими, истисно ҳолларда эса вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳаларга мазкур қарорни қабул қилиш зуруриятини асослашдан иборат бўлган вилоят ҳокими томонидан имзоланган тушунтириш хати, зарур ҳисоб-китоблар ва кўриб чиқиш материаллари, тақдим этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш натижалари, қиймати илова қилинади.

Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш, расмийлаштириш ва тарқатиш

а) Қарор ва фармойиш лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этиш.
1. Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари ҳоким томонидан, у бўлмаган ҳолларда имзо қўйиш ваколатига эга бўлган ҳокимнинг биринчи ўринбосари ёки ҳоким қарор ёки фармойиш билан белгилаган ўринбосар томонидан имзоланади.
2. Қарор ва фармойиш лойиҳалари вилоят ҳокими ўринбосарларининг котибиятлари, аппаратнинг бўлим ва гуруҳлари томонидан бир нусхада тайёрланади. 
Иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари, давлат бошқарувининг бошқа соҳаларига доир қарор ва фармойиш лойиҳаларини тайёрлашга тегишли тармоқлар ва бошқарув соҳаларининг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган идоралар жалб этилади.
3. Норматив хусусиятига эга бўлган қарор лойиҳасини тайёрлаш учун қоида тариқасида комиссия тузилади. Лойиҳани тайёрлашга манфаатдор давлат органлари, илмий муассасалар ва айрим фуқаролар жалб этилиши мумкин.
4. Қарор ва фармойиш лойиҳасида мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинадиган масалаларга тўлиқ баҳо берилиши, амалдаги қонунчиликка мос бўлиши, чуқур таҳлил қилиниб, аҳвол объектив равишда талқин қилинмоғи лозим. Таклифларда муаммони ҳал қилиш бўйича аниқ масалалар ва тадбирлар давлат тилида баён этилиши, ижрочилар томонидан бажарилишининг, шунингдек, қарор ва фармойишларни тўлиқ ижро этилишининг аниқ муддатлари ва назоратга олувчи шахс кўрсатилмоғи зарур.
5. Қарор ва фармойишлар лойиҳалари, уни тайёрловчи котибият мудири, тегишли ҳоким ўринбосарлари, мазкур ҳужжатни бажариш билан боғлиқ бўлган барча ташкилотлар раҳбарлари, ахборот-таҳлил ва ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, умумий бўлим мудири, бош мутахассис-ҳуқуқшунос, ишлар бошқарувчиси томонидан визаланиши лозим. Қарор ва фармойишга иловалар, уни тайёрловчи котибият, бўлим ва гуруҳ раҳбари томонидан имзоланади, тегишлилигига қараб вилоят ҳокими ўринбосари визаси олинади. Қарор ва фармойиш лойиҳасига визалар ҳужжатнинг охирги бетида ўнг томонида мавзудан бўш жойда қўйилиб, фамилияси, лавозими ва имзо чеккан вақти кўрсатилиши лозим. Қарор, фармойиш лойиҳаси ёки унинг алоҳида бандлари тўғрисида бошқача фикрлар бўлса, уларни асословчи маълумотнома тақдим қилинади. Қарор ва фармойиш лойиҳасига ушбу ҳужжатни тарқатиш варақаси тегишли ҳоким ўринбосари имзоси билан илова қилинади. Барча визалар қўйилган қарор ёки фармойиш лойиҳаси умумий бўлим мудири томонидан вилоят ҳокимига имзо учун киритилади.
6. Вилоят ҳокимлигида тайёрланадиган барча қарор ва фармойишлар лойиҳалари тегишли раҳбарларга визалашга киритилишидан олдин, ҳужжатни эксперт баҳолаш учун ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари ва ҳуқуқий баҳо бериш учун бош мутахассис-ҳуқуқшуноснинг имзолари олиниши шарт.
Лойиҳада ҳуқуқий актларни қабул қилиниши учун асос бўладиган барча меъёрий ва тегишли ҳужжатлар илова қилинган бўлиши лозим.
Бош мутахассис-ҳуқуқшунос ҳужжатларни атрофлича таҳлил қилгач, ҳуқуқий баҳо берган ҳолда ўз визасини қўяди ёки қайта ишлаш учун юборади.
7. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида тасдиқланиши назарда тутилган вилоят ҳокими қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш Кенгашнинг тегишли доимий комиссиялари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

б) Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларининг экспертизаси.

Вилоят ҳокимининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг юридик экспертизаси вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади. Лойиҳа сифатига баҳо бериш учун ҳужжат бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий-техникавий, экология ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар сифатида тегишли лойиҳани тайёрлашда илгари бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва шахслар жалб этилади.

в) Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари мазмунига нисбатан қўйиладиган талаблар.

Қарор ва фармойишлар лойиҳалари матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда бир хил қўлланилади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар қўлланилишига йўл қўйилмайди. 
Ҳужжат лойиҳасида уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан молиялаштириш манбалари ва назорат қилиш чора-тадбирлари кўрсатилиши мумкин.
Қарор ва фармойиш лойиҳаларида кўрсатмалар тартиб рақамига эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар хатбошиларга бўлиниши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасида уни қабул қилиш сабаблари ва мақсадларини тушунтиришдан иборат бўлган муқаддима киритилиши мумкин.
Янги қарор қабул қилинганлиги муносабати билан илгари шу масала бўйича қабул қилинган қарорларга зарур ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилади ҳамда илгари барча ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги қарор кўрсатмаларига зид бўлса ёхуд янги ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз аҳамиятини йўқотган, лекин расман ўз кучини йўкотган деб эътироф этилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмоғи керак. 

г) Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари реквизитлари.

Қарор ва фармойишлар қуйидаги реквизитларга эга бўлади:
- ҳужжатнинг тури ва номи (қарор ёки фармойиш);
- ҳужжат қабул қилинган жой, сана ва ҳужжат рақами;
- ҳужжатни имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахснинг-вилоят ҳокимининг фамилияси, лавозими ва имзоси.

д) Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишларини расмийлаштириш.

Вилоят ҳокими томонидан имзоланган қарор ва фармойишларни умумий бўлим мудири қабул қилиб олади. Бўлимнинг этакчи мутахассиси имзоланган мазкур ҳужжатларга сана қўяди ва рўйхатга олади. Қарор ва фармойишлар, агар ушбу ҳужжатларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради. 
Рўйхатга олинган қарор ва фармойишларга уларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан гуруҳ, бўлим ва котибиятлар томонидан 5 кунлик муддатда назорат режаси тузилади ва ҳоким томонидан тасдиқланади.

е) Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишларини тарқатиш.

Расмийлаштирилган қарор ва фармойишлар тегишли ҳоким ўринбосари, бўлим ёки гуруҳ раҳбарининг имзоси билан тайёрланган тарқатиш варақаси билан биргаликда умумий бўлим мудири томонидан қабул қилиб олинади ва кўпайтириш учун топшириқ берилади. 
Интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисидаги қарор ва фармойишларнинг нусхалари умумий бўлим томонидан ташкилий-назорат гуруҳига берилади, гуруҳ томонидан бундай қарор ва фармойишлар кадрларнинг йиғма жилдига тикиб борилади ва умумлаштирилади. 
Вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталарида эълон қилиниши, телевидение ва радио орқали эшиттирилиши мумкин. Ҳужжат расман эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда фуқароларни қабул қилиш

1. Вилоят ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг оғзаки ёки ёзма шаклдаги ариза, таклиф ва шикоятлари билан ишлаш ҳамда фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган “Хоразм вилояти ҳокимлигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш тартиби” асосида амалга оширилади.
2. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун маъсулият вилоят ҳокими ўринбосарлари, умумий бўлим, гуруҳ раҳбарлари ва котибият мудирлари зиммасига юкланади.
3. Вилоят ҳокимлигида фуқаролар вилоят ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппаратининг котибият, бўлим ва гуруҳ раҳбарлари томонидан фуқароларни қабул қилиш хонасида қабул қилинади. Фуқароларни қабул қилиш вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Қабул жадвали фуқаролар эътиборига этказилади.
4. Вилоят ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан фуқаролар худудларда махсус жадвал асосида сайёр қабул қилинади.
5. Ҳар бир фуқаронинг қабулидан сўнг қабул варақалари расмийлаштирилади. Унда қабул қилинган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, аниқ истиқомат қиладиган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ёзиб қўйилади. Қабул варақаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳида рўйхатдан ўтказилади. Кабулда кўтарилган муаммо ҳал этиш учун тегишли ижрочиларга юборилади ва унинг назорати ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлинмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи томонидан шахсан назорат қилинади.
6. Фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш учун маъсулият вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи зиммаларига юклатилади.
7. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи бош мутахассиси вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб олади, мазмунига қараб вилоят ҳокими топшириғи лойихасини тайёрлайди ва шахсан вилоят ҳокими кўриб чиқиши учун тақдим этади. Вилоят ҳокими томонидан мурожаатларни ўрганиш бўйича берилган топшириқ гуруҳда рўйхатдан ўтказилади ва тегишли ижрочиларга этказилади. Ушбу жараён гуруҳ бош мутахассиси томонидан шахсан назорат қилинади. Вилоят ҳокими ўринбосарлари ёки ҳокимлик аппаратининг бўлинмалари раҳбарлари номига келган мурожаатлари ҳам гуруҳ томонидан худди шу тартибда расмийлаштирилади ва назоратга олинади.
Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокими ёки ушбу мурожаатни кўриб чиқиш учун юборилган ҳоким ўринбосари томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиши мумкин.
8. Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.
Ариза ва шикоятлар вилоят ҳокимлигига тушган кунидан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ва шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати вилоят ҳокими томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ёки ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади.
Вилоят ҳокимлигига қабулга келган фуқароларга мурожаатлари бўйича ўша пайтда тушунтириш берилади. Масаланинг моҳиятига унинг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида мурожаат муаллифларига ёзма шаклда хабар берилиши ҳам мумкин.
9. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
Фуқароларнинг мурожаатларида қўйилган масалаларни ҳал этиш вилоят ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади.
10. Ҳуқукни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи бош мутахассиси ҳар куннинг охирида фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш ва улар билан олиб борилган ишларни таҳлил қилади, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради. Ой якунлари бўйича вилоят ҳокимлигига фуқаролардан келган мурожаатларни умумлаштиради ва уларни мазмуни бўйича тахлил қилади.

Мукофотлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш тартиби

1. Мукофотлаш бўйича ҳужжатларнинг ўтиш тартиби “Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари” ҳамда “Хоразм вилояти ҳокимлиги “Фахрий Йорлиғи” билан тақдирлаш тўғрисида”ги Низомлар асосида ташкилий-назорат гуруҳи томонидан амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари билан тақдирлашга номзодларни тавсия этиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- мукофотга тавсия этилаётган шахснинг паспорти нусхаси, унинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги варақа (2 дона 4х6 ўлчамдаги рангли фотосурат билан), жамоат ташкилоти, меҳнат жамоасининг йиғилиши баённомаси, корхона раҳбарияти ёки туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан берилган тавсифнома ҳамда шаҳар, туман ҳокими билан келишилган, муҳр ва имзоси мавжуд бўлган тасдиқланган шаклдаги мукофот варақаси белгиланган тартибда тўлдирилиб, мукофот топширилиши лозим бўлган муддатдан уч ой илгари вилоят ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳига тақдим этилади;
- мукофотга тавсия этилган номзоднинг меҳнат фаолияти тўғрисида белгиланган шаклда ўзбек ва рус тилларида электрон маълумотнома тайёрланади ва у Президент девонига тақдим этилади;
- Республика ташкилотлари, вазирлик ва концернлар томонидан Давлат мукофотларига номзодлар кўрсатилган тақдирда юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда юқори турувчи ташкилот раҳбарининг вилоят ҳокими номига бу борада ёзган хати илова қилинади;
- мукофотга тавсия этилган номзодлар вилоят ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳи томонидан вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилади ва хулосалар вилоят ҳокимига тақдим этилади. Вилоят ҳокими ижобий қарорга келган тақдирда ҳужжатлар мажмуи Президент Девонига юборилади.
Мукофотга тақдим этилган номзодлар тўғрисидаги барча маълумотлар ҳокимлик тизимида жорий этилган “Мукофот” компютер дастурига киритилади.
3. Вилоят ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳи Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар рўйхатини юритади.
4. Хоразм вилояти ҳокимлигининг Фаҳрий Йорлиғи билан тақдирлаш учун корхона, ташкилот, муассаса ёки жамоат ташкилотлари томонидан вилоят ҳокимига тақдимнома киритилиб, ушбу тақдимномага Фаҳрий ёрлик билан тақдирлашга тавсия этилган номзодга берилган, корхона раҳбари ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан имзоланган тавсифнома илова қилинади. Вилоят ҳокимлиги аппаратининг тегишли котибият, бўлим ёки гуруҳи томонидан тақдим этилган шахснинг хизматлари ўрганиб чиқилгандан сўнг вилоят ҳокимининг қарори лойиҳаси ҳамда тасдиқланган шаклдаги Фаҳрий Йорлик тайёрланади ва имзолаш учун вилоят ҳокимига киритилади.

Ҳокимлик аппаратида ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш

1. Ҳокимлик аппарати ҳужжатлар йиғма жилдлари номенклатураси умумий бўлим томонидан ишлаб чиқилади ва ҳоким томонидан тасдиқланади.
Ҳужжатлар йиғма жилдлари номенклатураси ҳокимлик аппаратининг вазифаси ва тузилмаси тубдан ўзгарган тақдирда, аммо, беш йилда камида бир марта қайта тузилиши ва қайта тасдиқланиши лозим.
2. Ҳужжатлар йиғма жилдлари номенклатурасига ҳокимлик фаолиятини акс эттирувчи барча ҳужжатлар йиғма жилдлари, маълумотнома, шахсий таркиб ҳужжатлари, доимий ва вақтинчалик комиссиялар ҳужжатлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳужжатлар йиғма жилдлари киради.
3. Ҳужжатлар йиғма жилдларини шакллантиришда қуйидаги умумий қоидаларга риоя қилиниши шарт:
- йиғма жилдга фақат бажарилган, тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни солиш;
- битта масалани ҳал этишга доир барча ҳужжатларни битта йиғма жилдга солиш;
- иловаларни асосий ҳужжатлар билан жойлаштириш;
(йиғма жилдда бир календар йил хужжатларини гуруҳлаш кейинги йилга ўтадиган йиғма жилдлар бундан мустасно)
- сақлаш муддатлари доимий ва вақтинча бўлган ҳужжатларни йиғма жилдда алоҳида гуруҳлаш.
4. Йиғма жилдда қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар, ҳужжатларнинг ортиқча нусхалари, қўлёзмалар тўпланмаслиги лозим.
5. Вилоят ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳида вилоят ҳокимлиги тасарруфига киритилган лавозимлардаги кадрларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдлари шакллантирилади ва сақланади. Вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган жилдларда жамланадиган ҳужжатлар рўйхати асосида иш олиб борилади. Кадрларнинг йиғма жилдларидаги ҳужжатлар билан танишиш вилоят ҳокими ёки ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари рухсати билан амалга оширилади. Йиғма жилдлардаги ҳужжатлар заруриятга қараб “Кадр-4” компютер дастурига ҳам киритилади.
6. Вилоят ҳокимлиги аппаратида ҳужжатларнинг сақланиши умумий бўлим мудири раҳбарлигида ҳокимлик архивини бошқараётган умумий бўлим этакчи мутахассиси томонидан таъминланади ва ҳужжатларнинг гуруҳ ва котибиятларда сақланиши юзасидан раҳбариятга ахборот бериб борилади.
7. Тугалланган ҳужжатлар йиғма жилдлари икки йил мобайнида хизматда фойдаланиш учун аппаратнинг гуруҳ, котибият ва бўлимларида сақланади. 
8. Сақланадиган йиғма жилдлар архивга умумий бўлим орқали рўйхат бўйича топширилади.
9. Ходим ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтганда унинг меҳнат фаолиятига тегишли барча ҳужжатлар йиғма жилдлари таркибий бўлинма раҳбари ёки лавозимга тайинланган ходимга далолатнома асосида умумий бўлим мудири иштирокида топширилади.
10. Масъул ходим ишдан бўшагандан илгари олинган барча меъёрий ҳужжатларни (иш тартиби, иш юритиш бўйича йўриқнома ва бошқаларни) умумий бўлимга топшириши шарт.
Умумий бўлимда вилоят ҳокимлигига келган барча ҳужжатлар сақланади.

Корпоратив компютер тармоғи ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш

1. Вилоят ҳокимлигида компютерлаштириш ва ахборот -коммуникация технологияларини кенг жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 июлдаги “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПК-117-сонли Қарори талаблари асосида амалга оширилади.
2. Вилоят ҳокимлигининг ички ва ташқи ҳужжат алмашинувида электрон шаклда алмашиниладиган ҳужжатларнинг улуши барқарор ўсиб боради. Алмашиниладиган электрон ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланганда, Ўзбекистон Республикасининг “Електрон имзо тўғрисида”ги Қонунига асосан тўла ҳуқуқий кучга эга бўлади.
3. Ҳокимлик аппаратида барча масъул ходимларига замонавий компютер ва бошқа зарур жихозлар ишлар бошқарувчисининг буйруғи асосида бириктирилади. Масъул ходим ўзига бириктирилган асосий воситалардан тўғри фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши, хавфсизлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
4. Вилоят ҳокимлиги аппаратининг барча масъул ходимларига интернет тармоғи, корпоратив компютер тармоғи, ички ва ташқи электрон почта хизмати ҳамда компютер марказининг малакали техник хизматидан фойдаланиш имконияти яратиб берилади.
5. Вилоят ҳокимлиги аппаратида барча масъул ходимлар учун вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган ўқув режаси асосида доимий равишдаги “Компютер саводхонлиги” ўқувлари ўтказиб борилади.
6. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид маълумотлар махсус компютер дастурлари ва корпоратив компютер тармоғи воситасида вилоят ҳокимлиги серверида тўпланади, таҳлил қилинади ва улар асосида тегишли чора-тадбирлар белгиланади.
7. Ҳокимлик расмий веб-сайти доимий равишда янгиликлар билан бойитиб борилади. Веб-сайтда янги маълумотларнинг жойлаштириб борилиши бўйича масъулият вилоят ҳокими матбуот хизмати зиммасига, веб-сайтни техник жиҳатдан такомиллаштириш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича масъулият компютер марказига юклатилади.
8. Компютер маркази вилоят ҳокимлигининг локал ва корпоратив компютер тармоғидаги маълумотларни бегоналар таъсиридан, интернет орқали бўладиган ҳужумлардан, вируслар ҳамда хакерлардан ҳимоялайди. Компютер марказига бирор соҳага тегишли маълумотларни шу соҳа раҳбарининг рухсатисиз тарқатиш ҳуқуқи берилмайди.
9. Вилоят ҳокимлиги томонидан қабул қилинган барча ҳужжатлар электрон кўринишда махсус “Ҳужжатлар банки” дастурида умумий бўлим томонидан тўплаб борилади. Ҳужжатни имзога киритган котибият, имзоланган ҳужжатнинг электрон нусхасини “Ҳужжатлар банки” дастурига киритиш учун умумий бўлимга тақдим этиши шарт.
10. Кадрлар тўғрисидаги маълумотлар базаси ташкилий-назорат гуруҳи компютерида сақланади ва танишиш учун асос бўлган такдирда вилоят ҳокими розилиги билан компютерга киришга рухсат берилади.
11. Масъул ходимнинг эътиборсизлиги ёки бошқа айби билан унга бириктирилган компютер техникасига жиддий зарар этказилганда, этказилган зарар масъул ходимнинг ҳисобидан қопланади.

Вилоят ҳокимлиги томонидан назорат ваколатларининг амалга оширилиши

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январ 12-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.
2. Вилоят ҳокимлиги аппаратида ижроси назоратга олинадиган ҳужжатлар: 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари; 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорлари; 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойишлари; 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти девони баённомалари;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари (ёзма ва оғзаки)
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари; 
-Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг топшириқлари;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари,
фармойишлари;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари
баёни, топшириқлари;
- Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари қарорлари;
- Вилоят ҳокими қарор ва фармойишлари;
- Вилоят фаоллар йиғилишлари, ҳокимлик соатлари йиғилишлари ва ҳоким раҳбарлигида ўтказиладиган мажлислар баённомалари;
- Вилоят ҳокими топшириқлари (ёзма ёки оғзаки);
- Вилоят ҳокими ўринбосарларининг топшириқлари;
- Аппарат йиғилишлари баённомалари:
- рўйхати иш юритиш бўйича йўриқномада белгиланадиган бошқа ҳужжатлар.
Ҳужжатларнинг кўрсатиб ўтилган турлари бажарилиши бўйича ишларни ташкил этиш вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари аппаратлари, корхоналар раҳбарлари, тегишли таркибий бўлинмаларнинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.
3. Ижроси таъминланиши шарт бўлган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг назорати, тегишли котибият, бўлим ёки гуруҳлар томонидан алоҳида йиғма жилдда олиб борилади. Ушбу йиғма жилдда:
- ҳужжатларнинг бажарилишини ва назорат қилинишини ташкил этиш;
-вилоят, тармоқ ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор масалалари, шунингдек, узоқ даврга мўлжалланган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш;
-тасдиқланган муддатларда тегишли таркибий бўлинмалар, мансабдор шахслар ва ходимлар томонидан амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
-бажарилишини туман ва шаҳар ҳокимликларида, бевосита корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда мақсадли ўрганиш ҳамда вилоят, туман ҳамда шаҳар ҳокимликлари йиғилишларига муҳокама қилиш учун киритиш;
-туман ва шаҳар ҳокимликлари, бевосита корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг айтиб ўтилган ҳужжатларни бажариш юзасидан қабул қилинган ўз қарорларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказиш бўйича ҳужжатлар жамланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда вилоят ҳокимининг қарорлари ва фармойишларида қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминламаган раҳбарлар, мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан Қонунда белгиланган тартибда шахсий жавобгарлик чоралари кўрилади.
5. Назоратга олинган ҳужжатларнинг бажарилиши тўғрисидаги якуний ахборот назоратдан чиқариш ёки муддатини узайтириш таклифи билан вилоят ҳокимига имзо учун киритилади.
Назоратга олинган қарор ва фармойишларни назоратдан чиқариш тегишли қарор ва фармойиш билан амалга оширилади.
6. Назоратга олинган ҳужжатларнинг ижро муддатлари ва бажарилиши тўғрисида назорат-мониторинг шўъбаси ҳар ой таҳлилий маълумот тайёрлаб, вилоят ҳокимига тақдим этади.
7. Махфий ҳужжатлар бўйича топшириқларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш умумий бўлим мудири томонидан амалга оширилади.
8. Назоратдан чиқарилган ҳужжатларнинг йиғма жилди назорат- мониторинг шўъбасига топширилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларини тайёрлаш ва ўтказиш

1. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиялари иш режасига биноан, йилида камида икки марта ҳоким томонидан чақирилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлиси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан чақирилади ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида ўтказилади.
Сессияни чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида этти кун олдин хабардор қилинади. Сессия, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Кенгашнинг фаолияти ўзининг иш тартибига мувофиқ ташкил этилади.
3. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари вилоят Кенгаши томонидан тузилади. Уларнинг фаолияти вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади.
4. Сессия ҳужжатлари белгиланган кун тартибига мувофик халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари ва сессияни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи томонидан ташкилий-назорат гуруҳи ёрдамида тайёрланади. Барча ҳужжатлар сессиядан 5 кун олдин Кенгаш раиси-вилоят ҳокимига тақдим қилиниши шарт.
5. Ташкилий-назорат гуруҳи Кенгашнинг доимий комиссиялари билан биргаликда сессияни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, қатнашчилар таркибини аниқлайди ва рўйхатини тузади.
6. Барча тадбирлар вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади ва ишчи гуруҳи томонидан мувофиқлаштирилади.
7. Сессияга таклиф этиладиганлар рўйхати доимий комиссиялар, сессияни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи томонидан ташкилий-назорат гуруҳи билан ҳамкорликда тайёрланади. 
8. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ҳар бир сессиясида баённома олиб борилади. Баённома сессия котиби ҳамда ҳоким томонидан имзоланганидан сўнг икки йил мобайнида умумий бўлимда сақланади, сўнгра эса доимий сақлаш учун архивга топширилади.
Сессия баённомалари Кенгаш депутатларининг талабига биноан, уларга танишиб чиқиш учун берилади.
9. Кенгаш қарорлари ўн кунлик муддатдан кечиктирилмай доимий комиссияларга, ҳокимлик бўлинмаларига, давлат бошқаруви органларига, туман ва шаҳар ҳокимликларига тарқатилади.
10. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг ижро этилиши юзасидан назорат тегишли доимий комиссия томонидан амалга оширилади ва унинг натижалари тўғрисида кейинги сессияда ахборот бериб борилади.

Вилоят фаоллари йиғилишларини ўтказиш тартиби

1. Фаоллар йиғилиши вилоят иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётига тааллуқли турли масалалар бўйича вилоят ҳокимлигининг иш режасига асосан ҳамда вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари таклифига биноан ёки ҳукумат топшириғи асосида ўтказилади.
2. Фаоллар йиғилишларини тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлик тадбирлар вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади.
3. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг чорак ва йил якунлари бўйича фаоллар йиғилишлари Ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлинмаларини жалб этган ҳолда тайёрланади. Ахборот-таҳлил гуруҳи йиғилишни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, қатнашчилар миқдорини аниқлайди ва бошқа тегишли ҳужжатларни (кун тартиби, таҳлилий ҳужжатлар, баён лойиҳалари) тайёрлайди.
4. Вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа долзарб масалалари бўйича фаоллар йиғилишлари тегишли ҳоким ўринбосарлари томонидан ташкилий-назорат гуруҳи билан ҳамкорликда тайёрланади ва барча ҳужжатлар беш кун олдин вилоят ҳокимига тақдим қилинади.
5. Фаоллар йиғилиши баёни уни тайёрлаган ахборот-таҳлил гуруҳи ёки тегишли ҳоким ўринбосарлари котибиятлари томонидан юритилади ва вилоят ҳокими томонидан тасдиқлангандан сўнг расмийлаштириш учун умумий бўлимга топширилади. Умумий бўлим баённи рўйхатга олади, унга тартиб рақам беради. Йиғилиш баёнининг назорат режаси тузилиб, ҳоким томонидан тасдиқланади.
6. Фаоллар йиғилишлари баёнлари ижросининг мониторинги тегишлилига қараб вилоят ҳокимлиги аппаратининг таркибий бўлинмалари томонидан олиб борилади.
7. Вилоят ҳокимлиги аппарати ишлар бошқармаси фаоллар йиғилишларини ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар ва бошқа ишчи органлари ишини ташкил этиш

1. Вилоят ҳокими қарор ва фармойишларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида комиссиялар ва бошқа ишчи органлар (кенгашлар, ишчи гуруҳлар) тузилиши мумкин. Комиссиялар ва бошқа ишчи органлар таркиби вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади.
2. Тузиладиган комиссиялар ва бошқа ишчи органларнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва вазифалари ҳоким қарорида ёки ушбу қарор билан тасдиқланадиган низомларда белгиланади.
3. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар ҳамда ишчи органларининг асосий иш шакли мажлис бўлиб ҳисобланади. Мажлисда комиссиялар ва ишчи органлар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Мажлис ҳужжатлари баёнлар билан расмийлаштирилади ва тегишли ижрочиларга этказилади. Кўрсатиб ўтилган комиссиялар ва ишчи органларнинг мажлис баёнлари уларга бошчилик қилаётган раҳбарлар томонидан имзоланади.
4. Комиссиялар ва ишчи органлар томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган материалларни тайёрлаш ҳамда комиссиялар тавсиялари бажарилишини назорат қилиш апапаратнинг тегишли котибиятлари, бўлимлари ва гуруҳлари, уларга техникавий хизмат кўрсатиш эса ишлар бошқарувчиси томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда бу материалларни тайёрлашга вилоят ҳокимлиги аппарати мутахассислари ва бошка тегишли ташкилотларнинг мутасадди ходимлари жалб қилиниши мумкин.

Вилоят ҳокими қабулхонасида навбатчиликни ташкил этиш

1. Вилоят ҳокими қабулхонасида навбатчилик “Вилоят ҳокими қабулхонасида навбатчиликни ташкил этиш бўйича йўриқнома”га асосан ташкил этилади.
2. Вилоят ҳокими қабулхонасида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилади. Навбатчилик соат 9 00 дан бошланади ва келгуси кун соат 9 00 да тугайди. Навбатчилар рўйхати вилоят ҳокимлиги ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи томонидан ҳар ойнинг 25 кунида келгуси ой учун тузилади ва вилоят ҳокими ёки ҳокимнинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади. Оддий кунларда навбатчилар соат 9 00 дан навбатчиликни қабул қилиб, кейинги кун эрталаб соат 9 00 да ўзидан кейинги ходимга қайд дафтари орқали навбатчиликни топширади. Шанба ва якшанба кунлари навбатчилик икки қисмга бўлинган ҳолда ташкил этилади. Эрталаб соат 9 00 дан кечқурун соат 18 00 гача ва кечқурун соат 18 00 дан эрталаб 9 00 гача. 
3. Байрам кунлари навбатчилик алоҳида тузилган жадвал асосида ҳоким тасдиқлагандан кейин вилоят ҳокими ўринбосарлари ва вилоят ҳокимлиги аппарати гуруҳ, бўлим ва котибиятлари раҳбарлари томонидан амалга оширилади. Бундай кунларда котибият, бўлим ва гуруҳ раҳбарлари вилоят ҳокими қабулхонасида, вилоят ҳокими ўринбосарлари эса ўз хизмат хоналарида бўлишлари лозим. Навбатчиликнинг кейинги куни навбатчилик вақтига мутаносиб равишда белгиланган тартибда ходимларга дам олиш вақти берилади.
4. Вилоят ҳокимининг рухсатисиз жадвалдан ташқари ходимларнинг навбатчилик қилишлари, навбатчилик вақтини ўзгартиришлари ёки бошқа ходим билан алмаштиришлари таъқиқланади.
Белгиланган вақтда навбатчиликка сабабсиз келмаслик ҳолатлари меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳоланади ва бундай ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади.
5. Навбатчиликни ташкил этиш учун масъулият вилоят ҳокимлиги ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи раҳбари зиммасига юклатилади.