Gerb Bayroq Madhiya Davlat mukofotlari Bosh sahifa Mobil versiya Sayt xaritasi Forum
Матнни тинглаш!
  • xorazm.uz

    Юртбошимизнинг табири билан айтганда, Хоразм «Ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган мукаддас замин!». Инсоният тамаддуни ўчоқларидан хисобланмиш бу кўхна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиққан.

  • xorazm.uz

    Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўтабар юртимизни кўришга орзуманд!

  • xorazm.uz

    2017-2018 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни жадал йўлга қўйилди.

  • xorazm.uz

    Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлигию озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Хоразм вохаси қишлоқ хўжалиги сохасида хам етакчилардан ҳисобланади.


Сайёҳлик

Дунёнинг Қадимий шаҳарларидан бири бўлган Хива асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти тараққиятига ўзининг салмоқли хиссасини қўшиб келмокда.

Халқаро сайёҳлик марказлардан бири саналган Хива бежиз бутун дунёда очиқ осмон остидаги музей сифатида эътироф этилмаган. Бу шаҳар худудида милоддан аввалги VI – V асрлардан ХХ аср бошларигача бўлган даврларга таълуқли 122 дан ортиқ археологик ёдгорликлар ва меъморий обидалар сақланиб қолган бўлиб Давлат муҳофазасига олинган.

Хива ўзининг қурилиши тарихий ўтмиши, меъморий обидаларининг яхлит тарзда сақланиб қолганлиги билан қадимий шаҳарлар орасида алоҳида ўрин тутади. Айниқса Хива шаҳрининг Ичан-Қалъа қисми Марказий Осиёда сақланиб қолган бирдан бир бутун бошли шаҳар-ёдгорлик бўлиб унинг ўтмишидаги тақдири меъморий обидалари дунёнинг энг қадимги маданий воҳа Хоразмнинг тарихий маданий тараққиёти билан чамбарчас боғликдир.

Бетакрор Хива шаҳри шарқ халқларини қадимий маданияти бешиги Хоразмнинг кўп асрлик меъморий қурилиш анъаналарини мерос қилиб олган Хоразм меъморлари санъати ва меҳнатининг ижодий якунидир.

Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда ЮНЕСКОнинг Канадада бўлиб ўтган 14 сессиясининг махсус қарори билан Марказий Осиёда биринчи бўлиб “Бутун жаҳон мероси” сифатида рўйҳатга олинган. 1997 йилда мамлакатимизнинг икки азим ва буюк шаҳри Бухоро ва Хиванинг 2500 йилик юбилейлари ЮНЕСКО раҳномалагида дунё миқиёсида кенг нишонланиши бу шаҳарнинг бутун дунёда эътироф этилганидан далолат беради.

Тарихдан маълумки Буюк Ипак йўлида жойлашган Хивадан кўплаб бадиий ҳунармандчилик намуналари, дунёга машхур олимларнинг нодир қўлёзмалари бутун дунёга тарқалган. Хозирда ҳам ушбу асори атиқалар Америка, Европа ва Осиёнинг энг йирик музейлари экспозицияларини безаб турибди.

Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири булган Хива “Ичан-Қалъа” тарихий меъморий Давлат музей-қўрикхонаси 26 га майдонда жойлашган  бўлиб “Ичан-Қалъа”нинг кўҳна деворлари билан ўралган.

Музей – қўрикхона худудида 54 та мангуликка дахлдор тарихий меморий обидалар 360 хонадон 2600 аҳоли истиқомат қилади.

Хива Ичан-Қалъа тарихий меъморий Давлат музей қўриқхона экспозициялари Ичан-Қалъа худудидаги тарихий меъморий обидаларда жойлашган.

1920 йил 27 апрелда Хива Давлат музей сифатида ташкил топган бу даргоҳ 1924 йилдан 67 йилгача Хоразм инқилоби тарихи музейи 1967 йилдан Марказий Осиёда биринчи бўлиб Хива тарихий меъморий қўриқхона 1967 йилдан эса ҳақиқий тарихий меъморий музей–қўриқхона сифатда фаолият кўрсата бошлаган.

Музей–қўриқхонанинг 69 та залида жойлашган 14 мустақил экспозиция Хоразм ва Хива тарихини маълум бир даврларини акс эттириб унинг жаҳон маданиятига қўшган хиссасини очиб беради.

Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан 1984-1993 йилларда ўтказилган илмий тадқиқотлар даврида шаҳарнинг ёши аниқланган. Хива шаҳрида ўтказилган археологик қазишмалар натижаси шуни кўрсатадики, “Ичан қалъа” ҳудуди эрамиздан аввалги V асрда пайдо бўлган. Шаҳарнинг энг пастки қатламида топилган ашёлар (сопол буюмлар ва қалин пахса деворлар) шундан далолат беради. Шаҳар деворлари остидан топилган маданий қатлам, сопол буюмлар ва катта ҳажмдаги хом ғиштлар шаҳарни 2500 ёшда эканини тасдиқлайди.

Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, 712 йилда Хивани араблар истило қилишган, IХ аср бошларида Хоразм сомонийлар давлати таркибига кирган. Бу даврда у мустаҳкам девор билан ўралган. 1128 йилдан 1220 йилгача шаҳар Хоразмшоҳларнинг буюк забардаст сулоласи Ануштегинийлар даврида Хоразмнинг ҳунармандчилик марказларидан бири бўлиб жоҳонга танилди. Муғул истилоси туфайли шаҳар 1221 йилдан мўғуллар империяси асоратига тушган. Шаҳар 1388 йилдан бошлаб темурийлар давлати қўл остига тушиб қолган. XVI аср бошларидан 1924 йилгача Хива хонлигининг пойтахти бўлиб турган XVI аср бошларидан бошлаб шаҳар ҳар томонлама ривожлана бошлаган. Бу ерда маъмурий бинолар қурила бошланган. 1616 йил Араб Муҳаммадхон томонидан биринчи мадраса қурилади, бу билан хон маҳаллий халқ орасида ўз мавқеини мустаҳкамлайди. Ундан кейин яна иккита мадраса Хўжамбердибий (1688 й) ва Шерғозихон (1719 й) мадрасалари қурилди. Шаҳар ободонлаштирилиб, савдо-сотиқ ривожланди. Лекин, бу юксалиш узоқ давом қилмади. Мамлакат Эрон босқинчиларининг ҳужумлари остида қолади. 1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳ Самарқанд ва Бухорони забт қилгач, Хива хонлигига ҳужум бошлайди. 1740 йили кеч кузда Хива шаҳрини ишғол қилади. Нодиршоҳ хужуми натижасида Хива шаҳри бутунлай вайрон қилиниб, мамлакат Эронга қарам бўлган ўлкага айлантирилган. Шундан кейин мамлакатда бир неча йиллар кўчманчи туркман ёвмут зодагонлари ҳукмронлик қилдилар. Улар билан маҳаллий ўзбек зодагонлари ўртасида давлатни қўлга олиш учун бўлган қонли курашлар натижасида мамлакат вайрон бўлди, халқ эса чидаб бўлмас даражада қашшоқлашди. Ниҳоят, қонли урушлар, ўзаро низоларга бир қадар барҳам берилди. XIX асрнинг бошларига келиб Авазбек Иноқнинг ўғли Элтузархон (1804-1806) навбатдаги қўғирчоқ хонни тахтдан ағдарди ва ўзини хон деб эълон қилди. Айни пайтда у қўнғирот сулоласига асос солди. Шу кундан эътиборан, Хивани қўнғирот сулоласидан бўлган хонлар 1920 йилгача, яъни совет босқинига қадар идора қилишди.

Иноқлар ҳукмронлиги давридаёқ, Хива шаҳрининг хароба деворлари қайта тикланди. Шаҳар ичкарисида бир неча маъмурий бинолар кўҳна Жомъе масжиди, Муҳаммад Амин Иноқ, Фозилбой мадрасалари қурилди.

Шу даврда хоннинг саройи, қўшини, қурол-яроғ, ўқ дори омборлари Арк (Кўҳна арк)да жойлашган эди. Хон арки шаҳарнинг энг қадимий қисми бўлиб, XVII асрда Ичан қалъанинг бутун ғарбий томонини эгаллаб олган эди, бу ерда хон девонхонаси, кўринишхона (қабулхона), хоннинг ҳарами, ёзги ва қишги масжидлари ҳамда зарбхона жойлашган эди.

XIX асрга келиб шаҳар кенгайди, у икки қисмдан, яъни Ичан қалъа шаҳристон (ички шаҳар) ва Дешон қалъа работ (ташқи шаҳар)дан иборат бўлиб. Шаҳар теварагида эса ўнлаб қишлоқлар жойлашган эди.

Ичан қалъа ўзига хос яхлит меъморий иншоотлардан иборат бўлиб, баланд пахса девор билан ўралган, тўртта дарвозаси-Ота дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза ва Боғча дарвоза тўрт томонга қаратиб қурилган. Ичан қалъа деворлари вақт ўтиши билан бир неча бор бузилган ва қайта таъмирланган.

Девор айланасининг узунлиги қарийиб 2200 метргача, баландлиги 7–8 метрга, пойдеворининг қалинлиги эса 5–6 метрга тенг. Ичан қалъа тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди.

Дешон қалъа – работ. Ичан қалъа атрофида XIX асрнинг ўрталарида вужудга келган. Дешон қалъада камбағал-косиблар, ҳунармандлар ва майда савдогарлар яшашган. Тикувчилар (читгарлар), кулоллар, элакчилар, жувозчилар, мисгарлар, тунукачилар ва бошқа маҳалла номлари шу давргача сақланиб қолган. Дешон қалъа 1842 йилда баланд девор билан ўраб олинган бўлиб қалъани қуришда хонликнинг 200 мингдан зиёд аҳолиси қатнашган.

Дешон қалъани ўраб олган деворнинг узунлиги 6250 метр, унинг ўнта дарвозаси бўлган: Ҳазорасп (Қўй дарвоза), Пишканик, Ангариқ, Шихлар, Тозабоғ, Шоҳимардон, Дошёқ, Гадойлар, Қўша дарвоза ва Гандимён. Дешон қалъада турар жойлардан ташқари хоннинг ёзги қароргоҳлари учта боғ– Рофаник, Нуруллабек ва Нуруллабой бўлган. Дешон қалъа қурилиши билан шаҳар иккита қисмга бўлинган ва шаҳар майдони бир неча ўн марта кенгайган.




Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси.

Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.

Мадраса Ичан қалъанинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг бош дарвозаси Ота дарвозадан кириб келганда, ўнг томонда жойлашган. Бу меъморчилик обидаси ўз даврига хос услубда энг катта ва ҳашаматли қилиб қурилган.

Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларини қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 130 ҳужрадан иборат бўлиб, тарихий маълумотларга асосан унда бир вақтнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олган.

Мадраса меъморий жиҳатдан бошқа шу каби биноларга ўхшаш, бино симметрик тарзда, икки қаватли қилиб қурилган, тарҳи тўғри бурчакли, ҳовлили. Пештоқнинг икки ёнига анъанавий гулдаста-миноралар ишланган. Бош тарзини беш гумбазли миёнсарой, масжид, дарсхона ва қўшимча хоналар эгаллаган. Ҳовлининг икки ёнида кичик пештоқлар бор. Биринчи қаватдаги ҳужралар ётоқхона ва ёрдамчи хоналар сифатида хизмат қилади, иккинчи қаватдаги равоқли пешайвон бинога файз бағишлаган. Ичкари ҳовлида тўртта кичик пештоқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларда “сулс” хатлари битилган кошинлар, безаклар ҳам мавжуд. Деразаларда ганчдан ишланган панжаралар қурилган. Пастида девор ва цокол орасига нам ўтказмайдиган қатлам (гидроизалация)-тош белбоғ (пояс)ни баландлиги 68 см қилиб қўйилган.

Мадаминхон мадрасаси-деб ёзади 1863 йилда Хивага келган сайёҳ А.Вамбери: “Карвонсарой” типида қурилган бўлиб, ёнидаги минораси хоннинг ҳалокати туфайли битмай қолган. Мадрасада диний ва дунёвий илм берилган, айни пайтда кўнгилочар ўйинлар, шунингдек ашула айтиш ман қилинган. Мадрасада ўқиш муддати чегараланмаган бўлиб, айрим талабалар бир курсда 3-4 йил, ҳатто 8-10 йиллаб ўқишган.

Муҳаммад Аминхон минораси: Маълумки миноралар, Ислом дини юртимизга тарқалиши билан боғлиқ равишда қурилгандир. Ҳар бир масжид ёки мадраса ёнида албатта минора қурилиб, ундан мусулмонларни ибодатга чорлаш учун фойдаланилган. Кейинчалик эса шаҳарларни безаги ва ҳукмдорларни куч-қудратини намойиши сифатида ҳам қурилган. Шунинг учун Шарқ шаҳарларидаги кўҳна обидаларни минораларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Хивада қурилган машҳур миноралардан бири ниҳоясига етказилмаган Муҳаммад Аминхон минорасидир.

Минора ҳозирги пайтда кесик конус шаклида бўлиб ҳозирни ўзида ҳам ҳайбатли кўринишга эга. Динамик қисқаришига қараб хулоса қилинадиган бўлса, битганидан сўнг унинг баландлиги 100 метрга яқин бўлиб Ўрта Осиёда энг катта ва баланд минора бўлиши мумкин эди. Минорага тушган инсоляция (қуёш нурларини тушуши ва синиши)га қарайдиган бўлсак минорадаги кошинларнинг ранги ўзгармайди. Чунки қуёш нури ҳар қандай жисмни рангини ўзгартиради, яъни оқартиради ёки очиқ тусга киргизади. Бу ҳолат минорада сезилмайди. Мана қанча вақт ўтган бўлса ҳам худди янги қурилгандай сақланиб турибди. Минорада асосан геометрик нақшлар (гиреҳ) кўп қўлланилган минорага иккинчи қаватдан кўтарилиш мумкин, яъни минорага ёғоч зинапоя орқали чиқилади. Минора 1853 йилда Муҳаммад Аминхон томонидан қурила бошланган ва 1855 йил Шимолий Эронга юриш пайтида хоннинг ўлдирилиши ва Абдуллахоннинг тахтга ўтириши билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Бу минора ҳақида халқ ичида айрим ривоятлар ҳам мавжуд: Эмишки, Хива хони шаҳарда жуда улкан ва баланд минора қуришни буюради. Унинг тепасидан “Бухоройи азим кўриниб турсин” деб кўрсатма берган. Бундан хабар топган Бухоро амири минорани бунёд этаётган меъмор билан яширин режа тузадики, унга кўра минора битиши билан меъмор Бухорода бундан ҳам юксак минора қуриши керак эди. Хон буни сезиб қолиб минора битиши биланёқ устани ўлдиришга аҳд қилади. Шу ниятдан огоҳ топган yста минорани чала қолдириб ғойиб бўлган. Шу боис халқ бу ҳакда “Мадаминхон мадрасаси битди, минораси битмади, Мадаминхон муродига етмади” деб байт тўқишган.

Кўҳна арк

Хиванинг қадимий қалъаси бўлиб, Ичан-Қалъадаги хон саройларидан биридир. Қалъанинг пайдо бўлиш тарихи Хива шаҳри тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Айрим тарихий манбаларда қалъа ва шаҳар қурилиши бир пайтда

(Арк:– қадимги Хоразм шоҳларининг арз сўрайдиган жойи, пойтахтдаги қаср, хон ва амирлар саройи.)


бошланган деб кўрсатилган. Бироқ Арк ҳудудида ҳозир фақат XIX асрга оид бир неча бино сақланиб қолган. Аркда хон ва амалдорларнинг уй жойлари, давлат идоралари билан бир қаторда кўринишхона (саломхона, арзхона), зарбхона, ёзги ва қишги масжид, ҳарам, аслаҳахона, ўқ-дори тайёрланадиган устахона, омборхона, ошхона, отхона, зиндон ва қўчқор уруштирадиган махсус майдон ҳам бўлган.



Кўҳна арк атамаси шаҳарда 1832-1838 йилларда яна шундай бир сарой Тошҳовли бунёд этилгач қўлланила бошланган. У қурилиши ва тузилишига кўра шаҳар ичидаги шаҳарни эслатади. Бир томони Ичан қалъа девори ва бошқа томонлари махсус деворлар билан ўраб олинган. Аркка фақат битта йўлдан шарқий дарвозадан кирилади. Унинг ҳудуди 1 гектардан зиёдроқ майдонни эгаллаб, тўртбурчак шаклда (123х93 метр) қурилган бўлиб, баланд қалин девор билан ўралган. Кўҳна арк катта-кичик тўртта ҳовлидан ташкил топган. Ҳовлилараро махсус йўлаклар бор, Арк дарвозаси буржлари тепасида гумбазли қафаса бўлган. Майда равоқчалар қатори ён томондаги қалъа деворига уланиб кетган. Ҳарам ва хонга қарашли уй-жойлар шимол томондаги ичкари ховлида жойлашган.









Кўҳна Аркдаги бузилиб кетган хоналар ҳақида аниқ фикр юритиш қийин, лекин сақланган кўринишхона, ёзги ва қишқи масжид, зарбхона ва ҳарам бинолари саройнинг ҳақиқий кўриниши ҳақида қисман тасаввур беради.


Кўҳна Аркнинг ғарбий қисмида Оқ Шайх бобо тепалиги ҳам мавжуд бўлиб, ривоятларга кўра, XIV асрда яшаб ўтган Шайх Мухтор Валининг қадамжоси бўлган.



Археологик қазишмалар шуни тасдиқладики, тепалик жуда қадимги бўлиб, қайтадан XVII аср бошларида асос солинган. Тепаликда сақланиб қолган икки қаватли уйинг харобалари сўнгги даврга оид қасрнинг кузатув минораси бўлиб хизмат қилган. Тепаликнинг ички хоналарида XIX асрда тўп қуйиш устахонаси ва порох сақланадиган омбор жойлаштирилган. Бино 1991 йилда қайта таъмирланган, ҳозирда сайёҳлар ушбу тепаликнинг баланд айвони орқали шаҳарни тепадан томоша қилмоқдалар.










Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) мадрасаси

Кўҳна арк дарвозаси қаршисидаги мадраса Сайид Муҳаммад Раҳимхон II нинг фармонига биноан 1871-1876 йилларда қурилган. Мадраса ўзининг кенглиги, сервиқорлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадрасада ёзги ва қишги масжид, дарсхона, китобхона ва ҳужралар бор. Мадрасанинг ҳовлиси 76 та бир қаватли ҳужра билан ўралган бўлиб 152 талабага мўлжалланган.

Ҳужралар томи ташқи томондан тўсиқ девор (парапет) билан чегараланган ва икки қаватли бош фасадга келиб туташади. Хушқад пештоқнинг икки ёнида беш равоқли галерея бор. Дарвозахона атрофидаги хоналар тўққизта гумбазга эга. Бинонинг ички плани бошқа мадрасалар тузилишидан фарқ қилади. Деворлар юзасидаги сиркор ғиштчалардан терилган орнаментли безаклар одатдаги шаклларни такрорлайди. Кишида ҳовлининг тузилиши ўзгача таассурот қолдиради. Ҳовлининг бир қаватли ҳужралари қатори баланд декоратив пештоқлар ташқи тўсиқ девор ва бурчаклардаги чиройли минорача-гулдасталар билан биргаликда ажойиб манзара касб этади.

Мустақиллигимизнинг илк йилларида, яъни 1994 йилда мадраса қайта таъмирланиб, шу йилнинг сентябр ойида бўлиб ўтган Муҳаммад Раҳимхон II “Феруз”нинг 150 йиллик тўйига тўёна қилиб мадрасанинг ҳовлисига чиқувчи даҳлизлари, ўқув хонаси ва қишги масжидида Хива хонлиги тарихи ва маданиятини очиб берувчи “Хоразм адабиёти ва тарихи музейи” очилди. Музейда Хива хонлигининг давлат рамзлари-байроқ, тангалар ва охирги ҳукмдор хонларнинг асл нусха фото-суратлари, хориждан келтирилган савдо буюмлари, Хитой ва рус чинниси, маҳаллий ҳунарманд усталарнинг маҳсулотлари, қурол-аслаҳа, кийим-кечак каби кўплаб нодир буюмларни томоша қилиш мумкин.

Сайид Оловуддин мақбараси

Мақбара “Ичан-Қалъа” архитектура ёдгорликлари ичида энг қадимийларидан биридир. Мақбара битта зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Асрлар давомида атрофида қабрлар кўпайиб кетганлиги учун мақбара ер сатҳидан паст қолиб кетган. Мақбаранинг гўрхонасида муқаддас ҳисобланган ажойиб сиркор даҳма жойлашган, даҳма жуда чиройли яшил кўк ва оқ рангли кошинлар билан қопланган. Бу кошинлардаги барча нақш гуллари бўртмалиги билан одатдан ташқари бир гўзаллик кашф этади. Бундай кошинлар Хивада ягона бўлиб, унинг тенгдоши ва ўхшаши Кўҳна Урганчда Шайх Нажмиддин Кубро, Самарқанддаги Шоҳи Зиндадаги Қусам ибн Аббос қабрида учрайди. Мақбарани шайх Сайид Оловуддиннинг шогирди ва муриди нақшбандия мазҳабининг таниқли намояндаси сўфи Амир Кулол (1380 йилда вафот этган ва Шаҳрисбзда Амир Темур томонидан дафн қилинган) қурдирган.

Мақбара тузилиши бир оз беўхшов. Ундаги йирик косали бурчак муқарнаси, дўпписимон, саккиз раҳли гумбаз ниҳоятда содда кўринишга эга. Лекин мақбара ана шу беқиёс даҳма туфайли машҳур бўлиб кетди. Соддагина мақбара билан ранг-баранг безатилган ҳашаматли даҳма ўртасидаги тафовутнинг катталигидан, даҳма бошқа жойдан келтирилгандек туюлади.

Даҳма шакли монументал бинога ўхшатиб ясалган. Асоси-зинали супа шаклида ясалган, бурчакларига устунчалар қилинган, даҳманинг юзаси сиркор сопол билан қопланган. Даҳма деворлари орнаментли пўта билан ҳошияланган бўлиб, ўртасида эса паннолар жойлашган. Даҳма устида иккита сағанача бор. Майда ўсимликсимон гуллар жуда ҳаққоний тасвир этилган бўлиб, шакли ўша давр уй-рўзғор асбобларидаги безакларга ўхшаб кетади. Даҳма кошинларида ишлатилган гуллар, йирик шакл ичида майда чизиқчалар ҳаммаси бирликда шинам ва жозибали кўриниш касб этади.

Машҳур шайхларнинг қабрлари устидаги мақбаралар давр ўтиши билан зиёратгоҳга айланиб қолган. Хива хони Оллоқулихон (1825-1842) унга эътиқод боғлаб, ўз даврида унинг мақбараси устида олий иморатлар бино қилиб анчагина вақф ери ажратган. 1825 йилда мақбара бутунлай таъмирланиб, зиёратхонанинг нураган пештоқининг равоқли қанотини бир оз қисқартириб қайтадан ишланган. Ичкаридаги токчалар беркитилган, хона саҳнига ғишт терилиб деворлар эса ганч сувоқ қилинган.

Уй-жой қуриш меъморчилиги

Хоразмнинг ўзига хос иқлими (саҳрога яқинлиги), аҳолининг жойлашиши, шаҳарларнинг ривожланишига ва уй-жойларнинг шаклига яхшигина таъсир қилган. Қадимда аҳоли суғориш тармоқларига яқин жойда яшаган. Дарё ўзанининг ўзгариши натижасида шаҳарларнинг кўчиш воқеаси Хоразм тарихида кўп учрайди.

Уй-жойларнинг энг қадимги ва энг кенг тарқалган тури алоҳида-алоҳида жойлашган қўрғон ҳовлилардир. Қўрғон қишлоқ ва овулдан тамоман фарқ қилади. Хоразм ҳудидидаги тўхтовсиз бўлиб турган ўзаро урушлар қўрғон-ҳовлининг деворлари мустаҳкам ва хоналарининг кенг бўлишини талаб қиларди. Қўрғонда оиланинг бутун рўзғори, моллари, озиқ-овқат ва сув сақланадиган жойлари бўлган. Қўрғон тешик-туйниксиз пахса девор билан ўралган бўлиб, деворнинг бурчаклари ғўла шаклидаги буржлар билан маҳкамланган. Қўрғон тархи (плани) тўғри тўрт бурчак шаклида бўлиб, асосан кўпинча ташқи (дишан) ва ички (ичан) ҳовлиларга бўлинади. Барча хоналар ясси том билан ёпилган. Узун йўлак тепасидаги туйниклар орқали ёндош хоналар ҳам ёритилган, бундай қўрғон қамал вақтида 100-150 кишилик жамоани муҳофаза қиларди.

Мустаҳкам қўрғонлар кўплаб қурилиши билан бир қаторда улар атрофида VI-IX асрларда қишлоқлар вужудга кела бошлади, бу қишлоқларга катта мулк эгаларини кўшк қўрғонлари ўзгача файз бағишлаган. Қўрғонлар атрофидаги уйлар асосан чўбкори услубида қурилган оддий бинолар эди. Шу даврларда бундай иморатларни тиклаш ва бузиш осон бўлган. Шаҳарларда жой тансиқлиги учун ихчам чўпкори иморатлар қуриш қулай бўлган. Чўпкори иморатлар кейинроқ шаҳарга хос асосий бино бўлиб қолди. Афсуски, чўпкори иморатлар пахса деворли иморатлар каби узоқ сақланмаган. Шу сабабли уларни қуришнинг ривожланишини ўрганиб бўлмади.

Хива уйларининг ўзига хос тузилиши диққатга сазовордир, бинонинг конструктив асосини бир қаватли чўпкори девор ташкил этиб, синчлар орасига хом ғишт билан лой урилган. Бу ердаги ёзги ва қишги хоналарнинг жойлашуви катта-кичиклиги, безаклари Бухоро, Самарқанд ва Фарғона уй-жойларидан тамоман фарқ қилади. Марказий Осиё меьморчилигида асрлар давомида иморат тарҳи тарзидаги зарурий унсур бўлиб келган. Унинг юзага келишига минтақадаги иқлим шароитининг таьсири катта бўлган. Бу ерда ёз жуда иссиқ, қиш эса совуқ бўлади. Хива уй-жойларини ташқи кўриниши жуда ажойибдир: ҳар бир уйда шимол томонга қаратиб айвон қурилади, айвонда асосан ёзда “саратон ойида” кишилар иссиқдан жон сақлашган.

Хиванинг ички қалъасида жой тансиқлиги сабабли ҳовлиларнинг фасадлари деярли ҳаммаси жуда тордир. Айвон ҳовли саҳнини юқоридан деярли тўсиб туради ва ҳовли ҳам қисман айвон вазифасини ўтайди. Ҳовлида шамол яхшироқ юриши учун айвонни баланд қилиб қурганлар. Бу эса шамолнинг пастдан юқорига алмашиб туриши ва ичкарини ҳарир нур билан ёритилиши ёрдам беради. Айвон қишда хонанинг жуда совуқ бўлишидан, ёзда эса жуда исиб кетишидан сақлаган. Шунинг учун меьморлар хонанинг ҳовли иқлим шароити билан яқинлигини сақлаш, уйғунлашув жиҳатидан ранг-баранг манзараси билан боғланишига алоҳида эьтибор беришган. Мазкур тадбирларни амалга оширишда айвон қўл келган. У хона билан ташқи муҳитни боғловчи қисм вазифасини ўтаган.

Айвон ўрта асрларда ва ундан кейинги даврда ҳам уйларда кенг қўлланилган. Турар жой меьморчилигида айвон икки, тўрт хона оралиғида уйнинг олд қисмини бутунлай эгаллаган ҳолда (пеш айвон) қурилган. У иморатнинг олд ёки ён томонларида галерея (йўлак) сифатида, девор сатҳидан бўртиб чиққан болахонага монанд, иккинчи қаватнинг очиқ қисмини эгаллаган шийпон сифатида ва алоҳида тўрт, уч томони очиқ бошпана сифатида ҳам бунёд қилинган.

Айвоннинг турар жой меьморчилигида қўлланилиши ўша жойнинг иқлим шароити ва хоналарнинг жойлашув тартибидан келиб чиққан. Масалан, Хивада иқлим шароитининг ўзгачалиги, ёзда ҳавонинг нисбатан иссиқлиги сабабли айвон хона ва ҳовли ҳавосини янгилаб туришга мўлжалланган. Бу ердаги айвонлар икки хил тузилишга эга. Улли (Улуғ) айвон хонанинг олд қисмини эгаллаган ва ундан анча баланд кўтарилган. Унинг қаршисида тескари кичикроқ айвон ўрнатилган. Улли айвон битта марказий устунга эгалиги жиҳатидан минорага монанддир. У шамол эсадиган томонга қаратилган бўлиб, шамолни ҳовлига йўналтирган. Аслида иккала айвон ҳам ҳовлини том билан ёпгандек туюлади. Айвон ўз вазифасидан ташқари иморатнинг умумий композициясини бадиийлаштирган ва унинг меьморий ечимини бойитган. Масалан, Хивадаги Тошҳовли саройида улли айвон чуқур ҳамда минора тузилишида бўлиб, унинг марказидаги устун ўймакорлик усулида нақшу нигор билан безатилган. Бу бутун ҳовли композициясига бадиийлик касб этган.

Хоразм шаҳар турар жойларида етакчи типологик услуб бу ҳовлида узун айвон қурилиши билан белгиланади. Шаҳар турар жой планировкасида ёпиқлик сақланиб қолинган. Бу ҳол қишлоқ ҳовлилари учун хам хосдир. Ҳовлига кириш йўлаги устига баьзан меҳмонхона (талак) қурилган, бу ерда уй эгаси бўлган ҳунарманд буюртмачиларни қабул қилган. Турар жой ёруғлик тушиши ҳисобга олиниб қатьий равишда ориентация қилинади, қишки яшаш хоналари жанубий шарқ, ғарб томонга, ёзги хоналар эса шимол томонга жойлаштирилади. Ҳовли деярли айвонлар билан ёпилади, бу айвон козироклари олдинга анча чиқиб туради. Айвонлар ҳар хил катталикда бўлиб, шимол томонда бир устунли баланд улуғ айвон қурилади ва у бошқа хоналар сатҳидан баландроқ бўлади. Хиванинг Дишан қальасидаги турар жойларда айвоннинг қуйидаги турлари намоён бўлади:

а) Катта бўлмаган ҳовлига эга бўлган бир устунли улуғ айвон. Бу айвон ҳовли юзасининг ярмини ёпиб туради. Улуғ айвон яшаш хонасининг устки қисмига қурилади, бу турдаги айвонлар энг кўп учрайди;

б) Ҳовлига узун ва баланд ўнг айвон ва унинг қарама қарши томонига ўнг айвон баландлигига нисбатан пастроқ бўлган терс айвон қурилади;

в) Ҳовлида улуғ айвон қаршисидаги яшаш корпуси устига болохонали-айвонча қурилади ва бу томондаги унга туташадиган айвонлар баландлиги бир баландликдаги сатҳда ётади. Улар қўшилиши натижасида оралиқлар ёпилиб қуёш нурлари ҳам тўсилади ва ҳовлига тўлиқ соя тушади;

г) Айвонлар ҳовли параметри бўйлаб тикланади. Икки томони ёки уч ва тўртала томони ҳам бурчакли қилиб қурилиши мумкин. Бу услуб шаҳар четида жойлашган ҳовлилар қурилишида кенг қўлланилади.

Айвонлар турар-жой биноларининг ички мухитига шинамлик бағишлабгина қолмай балки ташқи композицион кўринишига ҳам ўзига хос кўриниш бахш этади.

Хива уй-жойлари учун ҳарактерли бўлган умумийлик шундан иборатки, бинонинг тузилиши ҳам, безаги ҳам жуда содда. Хона ва айвон деворлари безаксиз сомонли лой сувоқдан, уйнинг шипи тоқи (васса, патик) ва ярим лўла тўсиқлардан иборат. Ганчдан ишланган ўймакор безаклар учрайди. Бинодаги бирдан бир безак катта айвоннинг ўймакор ёғоч устунидир. Бундан ташқари ўймакор эшиклар, панжаралар ва баъзи кўтарма айвонлар ҳам хонадонга зеб-зийнат бағишлайди.

Шерғозихон мадрасаси

Шерғозихон (1714-1726) ақлли, жасур, тадбиркор, ҳарбий ишларда жуда моҳир бўлган.

Қарияларнинг ривоятларига қараганда, Шерғозихон Машҳадни босиб олгач (1715 йил) 5000 асирни Хивага келтириб мадраса бошлатган. Мадраса 1719 йилда қурилиб битказилган. Унга замонасини тарихчилари “Маскани фозилон” деб ном беришган. Ҳақиқатдан ҳам бу фозиллар уйида буюк шахслар ўқиб таҳсил олганлар.

Мадраса Паҳлавон Маҳмуд мақбараси олдида қурилган, унинг қурилиши тўғрисида бир неча тарих айтилиб мармарга ўйилиб ёзилган ва мадраса пештоғига ўрнатилган. Мармар лавҳалардан тўрттаси бугунгача ўз ҳолича сақланган. Мадрасага кириш эшигининг ёнига ўрнатилган мармар лавҳалардаги 32 мисралик форсий шеърдан биз дунё гулистонидаги бу мадрасани Шерғозихон ўз ақл ва саҳовати билан қурдирганини, мадрасага вақф қилиб берилган ерларни мутавалли, мударрис, имом, муазин, кутубхоначи, фаррош ва яна шу ерда яшовчи талабаларнинг ойлик маошини қанча эканини билиб оламиз.

Шоирлар хонни шарафлаб “Хуршиди жаҳон”, “Шери худо” каби унвонлар билан улуғлаб, “Ушбу манзилда истиқомат этган ҳар кимса шубҳасиз аллома, билим машъали ва сир-асрор тадқиқотчиси бўлғувсидир” деб ёзишган. Шунингдек, ўқиш қоидалари, қоидани бузган талаба ва устозга қандай жазо берилиши ҳақида маълумотларни ўрганамиз. Бу қоидага кўра талаба беузр икки ой ўқишга келмаса ҳужрасидан (демакки маошидан ҳам), муаллим бир ҳафта ишга келмаса маошидан маҳрум бўлар экан. Шеърий лавхадаги “Маскани фозилон” жумласидан мадрасанинг ҳижрий 1132 мелодий 1720 йилда қурилгани аниқланди.




Паҳлавон Маҳмуд мақбараси


Паҳлавон Маҳмуд мақбараси асосан XIV-асрда кичик гўрхона шаклида қурилган бўлиб унда ўз даврининг катта “Пири” - Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) жасади кўмилган. Паҳлавон Маҳмуд 1247 йилда Хива шаҳрида пўстиндўз (косиб-ҳунарманд) оиласида туғилган. Ёшлик йилларда ота касби пўстиндўзлик билан шуғулланган, сўнгра хат-савод чиқариб, буюк шоир файласуф даражасига эришган. У жуда ҳам забардаст паҳлавон бўлиб 79 йиллик ҳаётида бирон марта кураги ерга тегмаган. Паҳлавон Маҳмуд ҳақида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган. Шулардан бири: Бир замонлар Хивани ўрнида сувсиз дашт бўлган. Кўҳна Урганч вайрон қилинганидан сўнг мўғуллар истилосидан кейин, унинг аҳолиси ҳар томонга тарқалиб кетган. Шу жумладан Паҳлавон Маҳмуднинг онаси ҳам ҳомиладор ҳолида Хива атрофига етиб келиб, ҳозирги Қиёт қишлоғида ўғил туққан. Бу бола 15 ёшга етгач мард курашчи, машҳур паҳлавон бўлиб ном чиқарган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси вақт ўтиши билан кўпгина хукмдорлар томонидан азиз саналиб обод қилинган. Тарихий манбаларда мақбарага Амир Темур томонидан эшик ўрнатилгани ёзилади. Мақбара ичида Абулғозихон, Анушахон ва Арангхонларнинг қабри борлиги улар хукмдорлик қилган даврларида ҳам шоир қабри обод бўлганлигидан далолат беради.1701-1702 йилларда Хива хони Шониёзхон мақбарани янгидан қуради, бу даврдан бизга мақбарага кираверишдаги эшик ёдгор қолган. Эшикдаги ёзувлардан шу нарса маълум бўладики, унда қуръон ояти, ҳадис ва шеърий тарихлар битилган, турунч, мадоҳил ва бошқа ислимий гуллар билан безатилган.

Ҳозирги мақбара Муҳаммад Раҳимхон-I (1806-1825) томонидан 1810 йилда Қўнғирот шаҳрига қилинган муваффақиятли юришдан сўнг  қурила бошлаган ва унинг ўғли Оллақулихон даврида қуриб битказилган. Мақбара 3 та қисмдан иборат. Қабрхона, Хонақо ва Йўлак. Мақбаранинг ғарбий қисмида жойлашган хонага Паҳлавон Маҳмуд дафн қилинган. Хонақони шимолий девори ёнида Муҳаммад Раҳимхон қабри жойлашган, унинг яқинига эса Хива хонлари Абулғозихон ва Анушахонларнинг қабр тошлари ўрнатилган. Йўлакда эса Оллақулихон дафн этилган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси атрофи XIXаср охирига келиб Хива хонлари ва уларнинг яқинлари дафн қилинадиган хилхонага айлантирилган. Бино қурилишини Хазорасплик уста Одинамуҳаммад Мурод бошқарган, уста катта-кичик жисмларни (сирли кошин) ягона меморчилик иншоотига моҳирлик билан бирлаштира олган, сиркор безаклар сағанани, ташқи гумбаз ва пештоқ қисмини безаб турарди, шу вақтда хоналарнинг ичи ганч сувоқ қилинган эди. 1825 йилга келиб Оллоқулихон (1825-1842) буйруғи билан қабрхона, яъни зиёратхонага ва хонақога сиркор безак берилди. Худди шу даврда зиёратхона ва қабрхона гумбазлари ташқи томондан зангори яшил сиркор ғиштчалар билан қопланди. Мақбара пештоқининг баъзи кўчиб кетган кошинлари ўрнига ўзига ўхшатиб янги кошинлар ўрнатилди. Гумбазли долондаги бир хонанинг олд томони беш қиррали шаклга келтирилиб, Оллоқулихон сағанаси шу ерга қўйилган. Хона деворлари безакдор сирли кошинлар билан қопланди ва мис панжара ўрнатилган. Қурилиш ишларида Хивалик усталардан Мулла Нурмуҳаммад уста-Қаландар ўғли, Сўфимуҳаммад Ниёз уста-Абдужаббор ўғли ва уста Абдулла “жин”лар ўзларининг нодир санъатларини кўрсатиб бера олишган. Катта хонақони (баландлиги 25 метрлик) тепасига усталар ислимий нақшлар билан бирга, безаклар орасидаги китобаларга Паҳлавон Маҳмуднинг 22 та рубоийларини, усталарнинг исмларини, ҳадисларни, тарихларни ўзи ижод қилган форс тилида битганлар. Бундан ташқари қабрхонага кираверишдаги эшик тепасига шоирнинг ушбу рубоийси форс тилида битилган:

Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ.
Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.

1910-1913 йилларда мақбаранинг ғарбий қисмида Хива хони Исфандиёрхон (1910-1918) онаси, ўзи ва ўғли учун қабрхона ва тўртта ҳужрадан иборат икки ошёнли қорихона бунёд қилдирган. Қурилиш ишларига уста Қурбонниёз бошчилик қилиб, қорихона қаршисига ўймакори устунли айвон қурилган. Паҳлавон Маҳмуд мажмуаси 1960 йилда уста Рўзмат Машарипов “Рўзмат арбоб” иштирокида катта гумбазнинг усти, қорихона ва айвон таъмирланиб мақбарага қайта жон бағишланган. Ҳозирги вақтда бинода Ўзбекистон Мусулмонларнинг диний идораси, “Паҳлавон Маҳмуд жамғармаси” фаолият кўрсатмоқда. Иншоотнинг айрим жойлари таъмирталаб бўлганлиги учун 2007 йилда, айвон устунлари, йўлаклар, қудуқ атрофи ва унинг тепасидаги чиройли ошёнли ёғоч гумбаз, пештоқнинг баъзи тушиб кетган сирли кошинлари қайта таъмирланди.

Қози-Калон мадрасаси

Қози Калон мадрасаси 1905 йилда Хива хонининг бош қозиси Салим Охун томонидан қурилган. Мадрасанинг қиёфаси ва саҳни унча катта эмас, бошқа мадрасалардан фарқ қилмайди, аммо ўқитиш услуби билан бошқа мадрасалардан фарқ қилган. Бу мадрасада диний билимлар билан бир қаторда қонуншунослик, турли солиқ вазакотлар йиғиш, яъни юридик билимлар берилган. Мадрасани майдони 32,5х23,4 м, дарсхонанинг ўлчами 4,7х4,7 метр, унга ёндош масжид жойлашган. Мадрасада 15 ҳужра бор. Мадраса қурилишида энг машҳур усталар Худайберган Ҳожи, Қаландар Қўчим, Боғбек Абдураҳмонов, Матчон Кулимов, Ваис кулол ва бошқалар иштирок қилганлар. Ҳозирги кунда бу мадрасада “Хоразм мусиқа санъати” музейи жойлашган.

Ислом Хўжа мадрасаси ва минораси

Хива хони Исфандиёрхоннинг вазири ва қайнотаси Сайид Ислом хўжа 1908-1910 йилларда Паҳлавон Маҳмуд мақбараси яқинда битта мадраса ва минора қурдиради. Мадрасани уста Худойберганҳожи қурган, мадраса ва миноранинг кошин безакларини Эшмуҳаммад Худайбердиев ишлаган нақшлар асосида Хонқанинг Мадир қишлоғидаги усталардан Болта Ваисов ва Мадаминовлар ишлаганлар. Мадраса 42 та ҳужрадан иборат бўлиб, 50 та талаба ўқиган, унинг олдинги қисми 2 қават қилиб қурилган. Кираверишда ўнг томонда махсус масжид ҳам қурилган. Бош фасади билан минорага боғлиқ бўлган мадраса ташқи тузилиши ва безаклари бошқа мадрасалардан фарқ қилмайди. Пештоқининг ён қанотлари икки қаватли равоқлар қатори ва бурчак гулдасталаридан иборат. Равоқлар тепаси айрим ҳошиялар ва сиркор кошинлар билан чиройли қилиб безатилган. Кичик ҳовли бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Деворларида ҳеч қандай безак йўқ. Пештоқнинг орқа томонида, ҳужраларнинг устида оддий ёғоч устунли айвон қурилган.


Мадрасанинг энг йирик хонаси катта гумбазли масжиддир. Масжид мадрасанинг бутун жануби-ғарбий томонини эгаллаган, масжиднинг ички кўриниши Хива усталари ижодига хос катта гумбазли хона типида ёпилган. Масжиднинг жанубий томонида жойлашган бурчакдаги гумбаз остида ва меҳробда сиркор ҳамда ганчкори безаклар ишлатиб чиройли манзара яратилган, мадраса учун вақф сифатида Ислом Хўжа ўз еридан 14 минг 451 таноб ер ажратган. Мадрасада ҳозирги вақтда “Хоразм Амалий санъати” музейи фаолият кўрсатмоқда.

Минора ҳам мадраса билан бир вақтда қурилган бўлиб, минорани баландлиги 56,5 метр, пастки қисмининг диаметри 9 метр. Минора қурилишида қадимги усталарнинг меъморчилик услубидан фойдаланилган. Миноранинг юқори қисми жуда ингичкалашиб, тепаси бежирим карниз ва қуббали фонус билан тугалланган. Фонус юзаси турли шаклдаги сопол-ғиштчалар билан ҳошияланган, уларнинг ораси эса ранг-баранг сиркор кошинлар билан тўлдирилган. Фонус ва карниз яшил-зангори, ложувард (мовий) ва оқ рангдаги сиркор ғиштчалар билан қопланган. Шунинг учун ҳам миноранинг юқори қисми алоҳида бўлиб ажралиб туради. Сиркор безакли ҳошиялар миноранинг конус шаклидаги танасини бир неча жойидан ҳалқасимон доира қилиб айланган. Мана шуларни ҳисобга олган қариялар “Хўжани минорасида тўрт фаслни ва ўн икки ойнинг безаги бор” –деб айтадилар. Миноранинг оддий ва аниқ формасида, безакларида Хива меъморчилигига кириб келаётган янги услуб иншоотларини кўриш мумкин. Ўша даврдаги Хива меъморчилигига хос хусусиятлар қурилган янги типдаги бинолар-почта, телеграф, янги услуб жадидлар мактаби ва касалхонани тузилишида ўз ифодасини топган. Усталар қадимий конструкция ва безак усуллари билан бир қаторда русча ғишт териш, янгича шаклдаги равоқ ва томларни,ушбу биноларни қуришда қўллашган. Миноранинг қурилиши муносабати билан шоир Ниёзий 48-мисралик шеърий тарих битган, худди  шундай 47мисралик шеърий тарих мадраса қурилиши учун ҳам битилган. Бу тарихлар мармарга уста Худайберган Девон томонидан уйиб ёзилган ва мадраса эшиги устига, миноранинг ердан ўн метр баланд жойига ўрнатилган. 1924 йилнинг январида Хивани Жунаидхон қамал қилганда минора тепасидан душманнинг шаҳардан ташқаридаги ҳаракатлари кузатилиб турилган.

Миноранинг тепасига ўрнатилган 2,5 метрлик  қубба патал (бронза, латун ва мис аралашмаси) деган металлдан ишланган. Бу металлдан ишланган қубба маълум бир вақтгача тилладек ялтираб турган. Минора қуббаси Хива шаҳрининг 2500 йиллик тўйи арафасида қайта таъмирланиб, тилла қатлам билан қопланди.

Янги усул мактаби

Янги усул мактаби Ислом Хўжа мадрасасининг қаршисида 1910 йилда Ислом Хўжа томонидан қурилган.

Янги усул мактаби икки қаватли қилиб европача услубда қурилган, умумий узунлиги 21,07 метрни ташкил қилади, иккита даҳлиз, саккизта хонадан иборат. Мактабда хон ва хон аёнларининг фарзандлари ўқитилган. Ўқиш давомида мактабда икки йиллик программа асосида тилмочлар тайёрланган. Мактабнинг илк ўқитувчилари Ҳусайн Қўшаев ва Комила Қўшаевалардир. Улар томонидан тайёрланган ўқув программасида рус тили, она тили, жўғрофия, Хива тарихи ва уй хизматчиси вазифалари ўргатадиган илмлар ўқитилган, ушбу мактаб халқ инқилоби (1920 йил 2 февраль) ғалабасидан кейин илк шўролар мактабларидан бирига айлантирилиб ўқитувчи кадрлар тайёрланган. 1990 йил 18 августда бинода Халқ таълими тарихи музейи очилди, энг улуғ ва буюк байрамларимиздан бири мустақиллигимизнинг 13 йиллиги муносабати билан 2004 йилда бино қайта тамирланиб биринчи қаватда, биринчи ўзбек фото суратчиси ва кино оператори Худойберган Девановнинг доимий кўргазмаси, ҳамда иккинчи қаватда Халқ таълими тарихи музейи қайта очилди.

Хиванинг Жомеъ (Жума) масжиди ўрта асрларда шаҳарнинг кўзга кўринган биноларидан бири бўлиб, ўзига хос қурилиши ва ҳажми билан ажралиб турган. Бу ёдгорлик Хоразмнинг қадимги масжидларни эслатади. Анча катта 55х46 метрли майдонни эгаллаб, кўп устунли қилиб қурилган. Бу бино Ичан-Қалъанинг  шарқий ва ғарбий дарвозаларини улаган катта кўча ёқасида жойлашган. X асрда Хоразмга келган араб сайёҳи ал-Мақдисий Хиванинг Жума масжидини биринчи марта тилга олади. Бироқ кўпдан бери яшаб келаётган хиваликларнинг айтишларига қараганда кўҳна масжид бузилиб кетган ва унинг ўрнига 1788 йили худди ўша режа асосида анча кенгайтириб ҳозирги масжид бино қилинган. Масжид биносининг ташқи кўриниши жуда содда, баландлиги 4,5 метр, минорасининг баландлиги эса 42 метрга тенг. Масжидни дарвозаси шимолга қаратиб қурилган бўлиб, шимолдан эсган шамол масжид ўртасида очилган иккита каттагина туйникдан чиқиб кетган. Туйник пастида қадимда балҳи тутлар ўсган, бу шу даврда масжид ичидаги ҳавони тозалаб туришга каттагина ёрдам берган, бу ерда ота-боболаримиз табиат билан инсон ўртасидаги биосинтезни уйғунлаштирганлар, ҳамда қадимда кўпчилик биноларнинг ичига тут дарахти экилган, биласиз тут дарахти сувни кам талаб қилади, яъни ўқ илдизлари орқали сувни ўзи топиб олади. Бу билан аждодларимиз меъморий иншоотни буст-бутунлигича сақлашга катта эътибор беришган, яъни тут дарахти бино ичидаги ва теварагидаги намликни олиб мувозанатни сақлаган. Жума масжид бир қаватли текис томли иморат бўлиб, унинг тўсинли шипини 3,15 x 3,15 метр тартибда жойлашган 213 устун кўтариб туради. Масжиднинг меҳроби хонанинг жанубий деворида жойлашган. Меҳроб, одатдагидек алоҳида кўриниб туриши учун унинг ёнларига баланд токчалар ишланган бўлиб, шифти эса баландроқ қилиб қурилган. Меҳроб қуббасидаги содда ганчкорлик безаклар ва шу безак яқинидаги деворга ишланган ранг-баранг очилган гулсафсар ва наъматакни тасвир этувчи нақшлар XVIII аср охири ва XX асрларда ишланган. Меҳробнинг икки ёнидаги деворларига ўрнатилган мармар тошларга ўймакор хатлар битилган, хатларнинг бири ҳижрий сана 1203 (1788-89йй) масжид  мулки ва маблағ ҳадя этилиши муносабати билан тузилган вақфнома битилган. Унда айтилишича, вазир Абдураҳмон амри билан 1203 ҳижрий йилда Куюктом (Гўктом,- ҳозирги Қўшкўпир туманидаги қишлоқ) ва Бекобод қишлоқларида масжидга вақф ерлари ажратилганлиги ва даромадни хайр-эҳсонга ҳамда масжид заруриятига сарф қилиш ҳақидаги хабарлар бор. Иккинчи мармар тахта бир оз кичик бўлиб, унга 1080 йил ҳижрий (яъни 1666 йили) ни кўрсатувчи тарих ёзилган.

Аҳоли орасида масжид XVIII-асрнинг оҳирларида таъмир қилинган деган фикр мавжуд. Жанубий фасаддаги ўймакор эшикка битилган хатда ҳам шу хақда айтилган. Унда 1788-89 йилларда Абдураҳмон Меҳтар исмли шахс бошчилигида масжид таъмирланди дейилган. Масжидда қадимги нақшинкор устунлардан 15 таси сақланиб қолган, 8 та устун Тошкентда Ўзбекистон Халқлари тарихи музейида сақланмоқда. Қадимшунос олим Яхё Ғуломовнинг фикрича,-“бу устунларнинг баъзилари бутун Ўзбекистонда ёғочга ўйма нақш солиш санъатининг энг қадимги ёдгорлигидир”. Энг қадимги устунларда кўзаги (устун таги) шапалоқ баргларга эга, танасининг юқори қисми мунтазам рахли, ўртасига эса гир айлантириб хатти куфий ёзуви ёзилган. Шакллар чуқур ўйиб ишланган. XIV аср устунларида эса нақшлар кўп бўлиб, ёзувлар хатти насхда берилган. Бу услубдаги ўймакорликни мехроб яқинидаги ёғоч тахтачаларда ва эшик табақаларида кўрамиз. Яна масжидда қадимгиларга тақлид қилиб ишланган бир неча устунлар ҳам бор. Уларнинг бирида 1510 йилни кўрсатувчи сана сақланиб қолган. Бошқасида ҳеч қандай ёзув йўқ. Балки улар мехроб яқинидаги мармар тахталар билан бир вақтда ўрнатилган бўлиши мумкин. Бу нодир ёдгорликни 1979 йили меъмор Сенечкин лойиҳаси асосида таъмирлаш бошланди. Жума  масжидини 108 та устун 1983 йили аҳолидан сотиб олинган. XVIII-XX аср бошларига оид нақшинкор устунлар билан алмаштирилган. Масжидда Кўҳна Урганч, Измиқшир ва Хива ёғоч ўймакорлик мактабининг устунлари бор. Ривоят қилишларига кўра масжид ичида гўёки ёвойи ғўзапоядан ишланган устун бор эмиш, ҳақиқатда масжид ичида ҳеч қандай ғўзапоя дарахтидан бўлган устун йўқ, бу нарса амалда мумкин эмас, чунки ғўзапоя дарахтини танаси кавак бўлиб оғир юк кўтаришга ярамайди. 1996-1997 йилларда Жума масжиди таъмирланди ва кўпчилик устунлар яна алмаштирилди. Масжид ўртасида кичик гумбаз остида калций-корбанат (оҳактош) дан ишланган қозон жойлашган, қозонга солинган сув маълум вақтдан кейин илиқ ҳолга келади, бу мўжизани сирини шу даврда маълум бир одамлар билган. Аҳолини ҳайратга солиш мақсадида қилинган бу иш Ислом динининг мавқеини омма ўртасида янада оширган.

Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаси

Ўтмишдаги воқеаларни тарих саҳифасига муҳрлаган сарой тарихчиси Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Хивақий  ўзининг Дили ғаройиб асарида:-Хевақ кўп маротаба вайрон қилинган ва қайта тикланган. Жаноби олийларининг (Оллоқулихон) раҳматли отаси ва жойлари жаннатда бўлсин Абулғозий Муҳаммад  Раҳимхон ва унинг укаси Қутлуғ Мурод иноқ томонидан шаҳар обод қилинди, уларнинг саъйи ҳаракатлари билан катта мадраса (Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси 1812 й.) ва катта гумбазли мақбара (Паҳлавон Маҳмуд  мақбараси 1810-1825) барпо этилди- деб ёзади.

Ўймакор эшиклардаги ёзувларга кўра мадраса - мақбара 1804-1812 йилларда Хива хони Оллоқулихоннинг амакиси Қўнғирот музофотини ҳокими, ҳарбий саркарда Қутлуғ Мурод Иноқ томонидан қурилган ва безатилган. Мадраса икки қаватли қилиб қурилган бўлиб, унинг 81 та ҳужраси ва 24634 таноб вақф ери бўлган ҳамда ихчамгина дарсхона ва масжид, ичкарида махсус қудуқ таги-замин (сардоба) бўлиб шаҳар аҳолиси шу қудуқдан сув ичишган. Янгидан қурилган шаҳарда илк бор икки қаватли мадраса қураётган хивалик усталар албатта маълум нусхалардан ўрнак олишга ҳаракат қилганлар. Мадраса қуришда усталар анча мукаммал Бухородаги Абдулазизхон мадрасаси тузилишини асос қилиб олишган. Меъморлар маблағни тежаш мақсадида мадраса тузилишини анча соддалаштириб, унда ёзги айвонларни, қанотлардаги икки катта хонани қурмаганлар, уларнинг ўрнига оддий ҳужраларни қуришган. Хивалик усталар эски тарҳга янгиликлар киритиб, ҳовлидаги пештоқларга безак беришган. Мадрасанинг шарқий пештоқининг ичкарисига ёзги масжид қурилган бўлиб, масжид юқорисида иккинчи қават баландлигида ёғоч болохона бор. Янгилик элементлари уларнинг композициясидан кўриниб турибди, шимолий ва жанубий болохона ғарбий ва шарқий болохонага нисбатан кенг бўлиб, усталар шу йўл билан ҳовлини кўркам қилганлар. Бино Хивадаги олдинги асрларда қурилган қалъасимон мадрасалардан фарқ қилиб, фасади анча дабдабали кўринишга эга. Бундай натижага пештоқнинг бухороча шаклда беш қиррали равоқ ва токчалар билан ишланиши ва турли безакларнинг кўплиги туфайли эришилган. Равоқлар атрофи ранг-баранг кошинлар билан ҳошияланган, худди шундай кошинлар билан мадраса гулдасталари қопланган бўлиб, пештоқ ичкарисидаги ганчкорлик санъати намуналари унга ҳусн бағишлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси бино манзарасини бир оз ўзгартирган бўлса-да, туйнук-дарчалар, бош фасад икки қанотини чегаралаб турган бўйдор қуббали гулдасталар биргаликда бинога истеҳком кўринишини беради. Янги тарҳ асосида усталар ташқи фасадларни ишлашда бирор янгилик киритишга интилишган бўлса, бундай ҳолни ичкарида сезмаймиз. Ҳатто масжид ва дарсхона ниҳоятда содда ва ҳеч қандай безаксиз ишланган, оддий безак намуналарини миёнсарой гумбазида ва ёзги масжиднинг гумбазида учратамиз. Мадраса дарвозаси ва ичкаридаги масжид ҳамда дарсхонанинг ўймакор эшиклари диққатга сазовордир. Ҳар бир эшик нафис ёғоч ўймакорликнинг ажойиб намунасидир. Мадрасанинг бошқа хоналари деярли бир хил кўринишдаги тўғри тўртбурчак саҳни бўлган гумбазли ҳужралардан иборат. Ҳужра, эшик юқорисидаги панжара дарча орқали ёритилади. Ҳужраларда яна токча ва супа бор бўлиб, баъзи ҳужралар ичига ярим доира шаклида ёғочдан  иккинчи қават қилинган.

Оллоқулихон саройи - Тош ҳовли

Тош ҳовли саройи (80 х 80 метр) ХIХ аср меъморчилик санъатининг ёрқин намунаси бўлиб, ташқи кўриниши ва қурилиши жиҳатидан Кўҳна Арк саройига ўхшаб кетади. Сарой 1830-1838 йилларда Хива хони Оллоқулихон (1794-1842 йилларда яшаган) томонидан қурдирилган. Сарой тарихий маълумотларига қараганда турли услубларда, қайта-қайта қурилган. Ичан-қалъанинг шарқий дарвозаси ёнидаги бинолар билан биргаликда ягона ансамблни ташкил этиб бош жамоат маркази шу ерга жалб қилинган. Сарой улкан ва ҳашаматли бўлиб, узоқ муддатда қурилган. Уни қуриш учун Xоразмнинг энг яхши усталари, наққошлари, кошинпазлари сафарбар қилинган. Тош ҳовли саройи баланд девор буржлари ва дарвозалари билан қўрғонни эслатади. Оллоқулихон бу саройни қуриш учун катта тайёргарлик кўрган саройнинг Тош ҳовли деб аталишига ҳам унинг ҳашаматли ва ниҳоятда чиройлилиги, ҳамда деворлари пишиқ ғиштдан терилганлиги сабаб бўлган. Сарой учта катта ҳовли - кўринишхона, меҳмонхона ва ҳарамдан ҳамда бешта кичик ҳовли ва 163 хона дан иборат. Ёғоч устунлар, мармар тошлар, шиплардаги ёзувлар бизга сарой 8 йил давомида, яъни 1830-1838 йилларда қуриб битказилганлигини билдиради. Маълум бўлишича қурилиш муддати бир неча даврга бўлинган. Даставвал ҳарам алоҳида қурилган, ҳарам тўғри тўрт бурчак ҳовли ва атрофдаги 1-2 қаватли айвон хоналардан иборат бўлган. Атрофи буржли қалин девор билан ўраб олинган.

Тош ҳовли саройи йиллар натижасида бир неча марта таъмирланган. 1982-1983 йилларда айвон шиплари, 1976-1989 йилларда Ҳарам таъмирланиб, таъмирлаш ишларига 551 минг 888 сўм маблағ ажратилган ва сарфланган. 1997 йилда саройнинг пастки қисмлари қайта таъмирланди Тош ҳовли саройининг Меҳмонхона ва Арзхона қисмлари 2001 йили қайта таъмирланиб, саёҳатчиларга намойиш қилиш мақсадида очилди. Ушбу ҳовлиларда Девон беги, Мирзо ва Ўтов интеръерлари жойлашган.

Оллоқулихон Карвон саройи ва тими

1831 йилда Ичан қалъанинг шарқий қисмида, заҳкаш ариғи оқава сувидан ҳосил бўлган кўл ҳашар усули билан кўмилиб, унинг ўрнида катта бозор майдони вужудга келтирилди.

Хивада XIX асрнинг 30 йилларида барпо бўлган бу бозорда дон, мева, совун, шам бозори бўлган. Қатор сартарошхона ва майда савдо уйлари бўлиб, уларга ёндош жойда қуллар сотилган. Хиванинг Бухоро, Эрон ва айниқса Россия билан савдо алоқаларининг ривожланиши натижасида 1833 йилда ҳарамни қуриб битиргандан кейин Оллоқулихон карвонсаройни қуришга киришди.

Бозорга ёндош қалъа девори яқинида икки қаватли Карвонсарой қурилиши билан яна бир бозор майдони пайдо бўлди. Кейинрок эса Карвонсаройнинг олдига яна гумбазли тим қурилди. Афсуски, шундай шинам майдон бир-бир ярим йилдан сўнг Оллоқулихон мадрасаси қурилиши натижасида ўз шаклини йўқотган. Карвонсарой ва ёпиқ бозор (тим) Хива хони Оллоқулихон томонидан 1833 йилда қурилган. Карвонсарой ўзини ташқи кўриниши билан Бухородаги Абдуллахон тимига (ёпиқ бозорига) ўхшаб кетади. Карвонсарой ташқи мамлакатлардан келадиган карвонларни қабул қилишга мослаб қурилган бўлиб, унинг иккала ғарбий ва шарқий дарвозалари туяларда келтирилган юкларни бемалол  Карвонсаройга кириб чиқишни таъминлаган. Карвонсарой ўртасида жанубга қаратиб солинган дарвоза орқали савдо марказига-савдо  уйига кирилган. Савдо уйи икки қават қилиб қурилган бўлиб, 105 та ҳужрадан иборат. Пастки қавати савдогарлар учун савдо растаси вазифасини ўтаган, юқори қавати эса-меҳмонхона ҳисобланган. Бино жуда қулай ва содда режалаштирилган, у кенг ҳовли ва ҳовли атрофидаги икки қаватли ҳужралардан иборат. Ҳамма ҳужралар ҳовли саҳнига қараган. Фақат фасаднинг жанубий қисмидаги ҳужраларнинг иккинчи қатори, худди мадрасадаги каби, майдонча томонга қараган бўлиб, бир хил тузилишдаги “балхи” гумбазли ҳужралар фасаддаги равоқлар қатори билан аниқ белгиланиб туради. Ҳовлига олиб ўтувчи йўл икки тарафдан пештоқ билан чегараланган.

Мазкур бино меҳмонхона, омбор ва савдо расталари хизматини бажариши қийин бўлгани учун кейинроқ карвон саройнинг олдига тим қурилди. Ҳозирги кўринишида тим ва карвонсарой бинолари бир бутундек кўринади, лекин бу биноларнинг деворларида карвонсарой пештоқининг қолдиқларини, равоқларнинг пастки қисми ва гулдаста - минора қолдиқларини кўриш мумкин. Тимнинг тарихи диққатга сазовордир. Икки қатор майда гумбазлар карвонсарой дарвозаси олдида келиб тақалган. Худди шундай гумбаз тимнинг ғарбий томонида ҳам бор. Хиванинг қўли гул усталари гумбазли долонларни жуда моҳирлик билан қурганлар. Гумбаз асослари мураккаб шаклда бўлишига қарамай, усталар осонлик билан ўзига хос ( гоҳ тўрт бурчак, гоҳ трапеция шаклида, гоҳ олти қиррали) конструктив асос топа билганлар. Тим ичкариси гумбазлардаги туйнуклар орқали ёритилган. Шу давр талаблари асосида чет эллик савдогарлар бир ҳужрани бир неча йилга ижрага олишган. Доимий ҳаракатда  бўлган карвонлар эса шу савдогарларни маҳсулот билан таъминлаб туришган. Бундан шу нарса маълум бўладики, ушбу бинода фақат маҳаллий молларгина эмас, балки рус, инглиз, эрон ва афғон моллари ҳам сотилган. Бозорда Хива олачаси, ипак белбоғлари ҳамда Хоразм заргарларнинг бетакрор заргарлик буюмлари, инглиз мовути, эроннинг ип аралаш шойилари, ипакли моллар, кўрпа, камар, бухори этик, хитой чинниси, қанд, чой ва шунга ўхшаш турли туман майда-чуйда нарсаларни учратиш мумкин бўлган. Бозордаги тартиб ва тош-тарозини махсус тайинланган раис кузатиб турган. Агар бирор хиёнат содир бўлса, у шу ондаёқ гуноҳкорни дарра билан жазолаган.

Карвонсаройда махсус девонхона бўлиб, келиб-кетувчи савдогарлар, шунингдек бу махкамада пул алмаштириувчи саррофлар, савдогарлар олиб келаётган товарларига баҳо белгилайдиган махсус амалдорлар хонаси бўлган. Бу ерда девонбеги дарвозадан ўтган моллар учун тамға пули олган ва бу пул давлат ғазнасига эмас, 1835 йилда қурилган Оллоқулихон мадрасаси кутубхонасини таъминлашга сарфланган. Ҳозирги кунда Карвонсарой қадимги анъаналарни сақлаган ҳолда Карвонсарой савдо марказига  айлантирилган.

Оллоқулихон мадрасаси

Хива хони Оллоқулихон (1825-1842) Хива шаҳрини иложи борича Осиёнинг энг чиройли ва кўркам шаҳрига айлантириш учун кўп қурилишлар қилган. Нураб турган эски мадрасаларни буздириб, янгидан пишиқ ғишт ишлатган ҳолда ўз даврининг етук усталарига буюриб қайта қурдирган. Шулар қаторида ўзи учун Ичанқалъанинг шарқий девори ўрнида бир чиройли мадраса қурдирган. Мадраса трапеция шаклида қурилган бўлиб, унда 99 ҳужра, ёзги ва қишги масжид, дарсхона мавжуд. Ҳар бир ҳужрада бир эшик ва унинг устида кичик дарча бор. Ҳужра пастига чорси ғиштлар терилган, деворлари ганч билан сувалган, тепасидаги “балхи” гумбазларини ичи безалмаган. Мадрасадаги қишги масжид ва дарсхона каби катта хоналар икки қаватли иморатлардек гумбази унча баланд эмас, катта равоқлари, безаксиз текис деворлар, чуқур токчалар бир оз беўхшов кўринади. Мадрасанинг ташқи безаклари бутунлай бошқачадир. Рўпарасидаги Қутлуғ мурод иноқ мадрасасида оқ ва рангли ганч, босма қолипли сирли кошин ишлатилган бўлса, бу мадрасада фақат сирли кошин ишлатилган. Лекин кошинларнинг нақшлари ҳар-хил бўлиб, кулоллар бу ерда жойнинг безатиладиган ўрнига қараб намоёнларнинг шакли, ранглар қуюқлиги ва ўлчамларини усталик билан танлаганлар.



Полвон дарвоза

Дарвозанинг ҳозирги кўриниши бир қанча таъмирлашлар натижасидир. Дастлаб дарвоза қалъа деворидан бир оз ташқарига туртиб чиққан оддий шаклга эга эди. Бу ердан туриб девор ташқарисини кузатиш анча қулай бўлган. Дарвозанинг икки ёнидаги буржлари шаҳар девори билан туташган бўлиб, ягона мудофаа истеҳкомига қўшилган эди.

Элтузархон (1804-1806) томонидан дарвоза ичкарисига кўп гумбазли долон (йўлак)нинг қурилиши натижасида бу жой бозор растаси вазифасини ҳам бажара бошлади.

Карвонсарой ва Тим қурилгандан сўнг (1832-1833) дарвозанинг бозор сифатидаги аҳамияти анча пасайди. Лекин 1835 йилда Оллоқулихон мадрасаси қурилиши муносабати билан дарвозанинг ғарбий қисми қайта қурилди ва унинг олдидан икки гумбазли ва пештоқли янги ҳаммом қад кўтаради.

Давр ўтиши билан дарвоза ана шундай ўзгариб борди:- кўпчилик қисми янгиланди, янги иморатлар қурилиши  натижасида дарвоза тамоман ўзгача кўринишга эга бўлди. Ҳаммом аллақачон ярим вайронага айланган, расталар ҳувиллаб қолган эди. Қадимги дарвозадан фақат пойдеворлар сақланиб қолган. Лекин дарвоза ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Полвон дарвоза қайта қурилган бўлса–да, унинг дарвоза архитектураси қадимги усталар маҳоратининг намунаси сифатида қадрланади. Бино ҳажми ва ўлчамлари конструкция имкониятлар эътибори билан энг қулай меъёрда белгиланган. Иморат янада пишиқ бўлсин учун равоқлар керги кучи оз бўлган шаклда ясалган. Ғиштлар қаторига ёғоч тўсиқлар киритилиб, гумбаз оғирлиги бир қанча равоқларга тақсимланади. Кичик гумбазлар учун ғиштни “давра” ва “балхи” услубда терилади. Айни вақтда бино ичкариси сувоқ қилинган. Бир неча гумбаз устидан тушиб турган ёруғлик ярим қоронғи йўлакни ёритиб, янада жозибадор қилади. Оллоқулихон мадрасасининг жанубий девори яқинида поғонасимон кўтарилган улкан гумбазлари узоқдан кўзга яққол ташланади, бу ерда гумбаз ва равоқлар бинонинг умумий тузилишини кўрсатиб турибди.

Кўп гумбазли Полвон дарвозанинг фасадлари ғарб ва шарқ томонга қараган. Дешон қалъа тарафидаги шарқий дарвоза йирик қалъа деворларига ўхшатиб ишланган ва мудофаа учун мўлжалланмаган бу дарвоза ғиштлардан терилган гулдор ва рангли сиркор қопламалар билан безатилган.

Ғиштлардан терилган данданалардан, зангори сиркор безаклар, босма муқарнас, гумбаздаги ложувард ранг сирли ғиштлар жуда моҳирлик ва дид билан Хива усталари томонидан бажарилган.

Ранг-баранг безаклар туфайли бу иншоотни гулдарвоза ҳам дейишади. Буржлардан бири (жануб томонидаги) 1930 йилда бир оз соддалаштириб қайта таъмирланган. Дарвозанинг ғарбий томони эса Оллоқулихон мадрасаси қурилаётган вақтда қад кўтаради. У ташқи томонига нисбатан анча содда. Бунда қубба, равоқлар йўқ. Фақат пештоқ деворининг равоқдан юқоридаги қисмида сирли кошинли намоён бор. Худди шу ерда “Шаҳри Хива” сўзлари ёзилган тош тахта бор. Юқоридаги икки сўз бино тарихини кўрсатади, яъни дарвоза янгидан шаҳар бунёд этилаётган даврда 1806-1807 йилларда қурилган экан.

Абдуллахон мадрасаси

Қутлуғ Мурод иноқ мадрасасига ёндош қилиб 1855 йилда қурилган ушбу мадраса Хива хони Абдуллахон (1855-1855) шарафига унинг ўлимидан кейин онаси томонидан қурилган. Мадраса пештоқини ҳисобга олмаганда мадрасага безак берилмаган, жуда содда услубда қурилган бўлиб, дарсхона ва унга ёндош бир қаватли ҳужралар қаторасига жойлашган, мадраса ўртасида қудуқ бор.






Ичан қалъадан ташқарида жойлашган дурдоналар


Сайид Шоликорбой масжиди  мажмуаси

Сайид Ниёз Шоликорбойнинг невараси Пошша она бобоси тўғрисида акаси (дадаси) Худайберган отанинг сўзлаб берганларини шундай эслайди:- “Бобомиз Сайид Ниёз Шоликорни шоли оқловчи (дапмачи) деб атаганлар. Унинг отаси бой савдогар бўлиб вафот қилганидан кейин бутун бойлиги Сайид Ниёзга қолади. У ўз ишхонасини янада кенгайтиради. Кунлардан бир куни Сайид Ниёз бухоролик савдогар дўсти Эшматбой билан туяларга турли юкларни ортиб савдо иши билан Эронга кетади. Иши ўнгидан келиб олиб борган молларни тез фурсатда сотадилар ва у ерда дўст орттириб, бирор ойлар қолиб кетадилар. Бор пулларини дўстлар билан еб-ичиб ўйнаб тамом қилиб қўядилар. Чунки у қўли очиқ, сахий киши бўлганлиги сабабли дўстлар даврисидан воз кеча олмас эди. Уйга қайтар вақт яқинлашганда дўсти Эшматбой:-“ Энди нима қиламиз бу ёғи қандай бўлади? –деганда Сайид Ниёз: ҳозироқ бозорга бориб ёнимизда қолган сармоя (пул) мизга яраша юк олиб туяларга юклаб юртга кетамиз, - дебди. Бозорга боришгач яхши молларни сотиб олишга  пуллари етмабди. Шу сабабли бозорни айланиб-айланиб бир бурчакда ўзи ёш бўлса-да, кекса чоллардай букчайган соқол-мўйловлари ўсиб кетган жулдур кийим кийган сақич сотиб ўтирган бир йигит олдидан чиқиб қоладилар. Бизларни қолган пулимизга мум сақичдан бошқа бирор нарса олиб бўлмайди, олдимизда (ийд) байрам кунлари яқин қолди. Савдоси ҳам яхши бўлади, деб йигитдан ҳамма мум сақич (оқ сақич)ларни сотиб олдилар. Севинганларидан савдодан ортиб қолган бир оз пулларини ҳам йигитга ҳадя қилиб, юкни туяларига юклаб Эшматбой Бухорога, Сайид Ниёз эса Хивага келишибди, Хивада Сайид Ниёз бир бўлак сақични майдалабди. Не кўз билан кўрсаки, сақич ичидан тилло пуллар, марварид ва жавоҳирлар чиқибди. Сайид Ниёз ҳар эҳтимолга қарши деб бойликнинг ярмини маълум жойга беркитиб хотинига агарда мен қайтиб келмасам шу хазина етти авлодимизга етади деб қолганини белига туйиб хон олдига кетади. Ижозат олиб қабулига киради. Агар фармони олий бўлса ҳалол пулдан масжид қурдиришга рухсат берсангиз, - дейди. Сайид Ниёз Шоликор олиб келган бойликларни хон олдига қўйиб, бўлган воқеани баён қилади. Хон чуқур ўйга толади. Масжид қуриш учун рухсат, лекин эгасига ҳам ўз улушини юбор, - деган. Шундай қилиб Полвон дарвозанинг шарқий томонида масжид қурилиши бошлаб юборилибди. Бу масжид қурилишда фақат битта уста ишлаб қолган ишларни болалар қилган, деган гаплар бор халқ орасида. Ҳар бир болага битта олиб келган ғишти учун битта ёнғоқ берилган. Ҳар куни кўпроқ ёнғоқ олиш учун болалар югуриб–елиб масжид қурилишини тезлаштирганлар. Масжид қурилиб номозхонлар намоз ўқий бошлаганлар. Ийд байрами куни хон яқинлари билан ийд намозини ўқиш учун Ичан қалъадан ташқаридаги намозгоҳга бораётиб масжид олдида таъзим қилиб турган Сайид Ниёз Шоликорга Мадраса муборак деб ўтиб кетибди. Сайид Ниёз, хон нима учун бундай дедилар деб тааъжжубда қолади. Сўнгра хонни айтган сўзи ҳавода қолмасин деб масжиднинг шарқ тамонида мадраса қурилишини бошлаб юборади”. Масжиднинг уч томонида учта эшик бўлиб масжидга шимол томондаги  асосий эшикдан айвон орқали кирилади. Айвонда учта устун бор. Уларда ёғоч ўймакорлигининг энг яхши анъаналари акс эттирилган. Айвон деворларига ганч ўйма усулида фигурали паннолар ишланган. Минораси шаҳарнинг ҳамма еридан кўриниб туради. Миноранинг юқорисига чиқиш учун ичида айланма зинаси бор. У жуда ихчам ва безакларга бой. Тепасига карниз шарафасининг остига мезана ишланган. Мадраса икки қаватли бўлиб, биринчи қаватида бешта ҳужра бор. Иккинчи қаватида олтита ҳужра бўлиб шимол томонга қараган, битта айвон бор. Масжиднинг қурилиши Хива хони Оллоқулихон даврига тўғри келади. Масжид қурилишида меъмор олдига қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат эди:- кўп одам сиғадиган усти ёпиқ жой, ҳовлининг ички тарафида  мусулмонлар салқинланса бўладиган майдончалар. Сайид Шоликорбой масжиди мажмуасида ҳам худди шундай. Бино тўққиз гумбазли, тўрт томонли масжид, икки қаватли мадраса, минора ва иккита ҳовлидан иборат. Шимолий-шарқий томонда эса икки қаватли мадраса қурилган. Бу мадраса ва кириш қисмидаги ҳовлида минора жойлашган. Баландлиги 24 м, асосини диаметри 4.5 метр бўлиб, пишиқ ғиштдан қурилган. Ҳозирги вақтда  минора озгина қийшайган бўлиб олимлар томонидан бунинг асоратларини йўқотиш ишлари давом қилмоқда.

Нуруллабой саройи

Хива хонлари ХVI асрдан ХХ асргача бир қанча саройлар, қабулхоналар, ҳарамлар қурдириб, ўзларининг нималарга қодир эканликларни гўё авлодларга таъкидлаб кўрсатаётгандай  туюлади.

Хивадаги Нуруллабой саройи  энг ҳашаматли, энг жозибали, энг кўркам  ва мафтункорлиги билан бошқа саройлардан ажралиб туради. Ичанқалъада иморатлар сони кўпайиб, янги - янги боғ–роғли жойлар қуриш имкони камайгач, Муҳаммад Раҳимхон I ўз ўғиллари Маҳмуд тўра, Муҳаммад тўраларга шаҳарнинг ғарбий томонидан ҳовли жойлар қуриб беради. Сайид Муҳаммад тўра хон бўлгач, (1856 й) эса бу уйларга яқин жойда бир кўринишхона қурилишини вазири Хасанмурод Қушбегига топширади. Баёний ва Огаҳийларниг ёзишича “Нуруллабой” номи билан машҳур боғдаги янги иморатларнинг кун чиқар томонида қурилган бу кўринишхона жуда чиройли бўлиб, унга Огаҳий шундай тарих айтган:- “Кўринишхона у вало” (улуғ кўринишхона) ушбу сўзлардан абжад ҳисоби бўйича ҳижрий 1276 мелодий 1859 йиллар топилди. Ўз даврида кўринишхонада ёз пайтида очиқ ҳавода қабул маросимлари ўтказилган. Сайид Муҳаммадхондан кейин тахтга кўтарилган ўғли Муҳаммад Раҳимхон II (1864-1910) хивалик савдогар бой Нуруллабойдан боғини сотишни сўрайди. Шунда Нуруллабой хонга, у аввалдан халқ ўртасида бўлиб келган Нуруллабой боғи номини ўзгартирмаса сотишини айтади. Хон розилик билдиради ва боғни сотиб олади. Шундай қилиб Нуруллабой номи сақланиб қолади. Муҳаммад Раҳимхон II Нуруллабой боғи ичида ўғли  Исфандиёрхон учун катта бир сарой ва ҳарам (ҳарам-хос жой, номаҳрамлар киритилмайдиган жой, ички ҳовли) қурдиради.

Бу ички сарой 1896-1904 йилларда қурилган бўлиб, баланд девор билан ўраб олинган. Сарой тўртта қисмдан иборат бўлиб, юздан зиёд хоналар, долонхона, қаровулхона, отхона, мулозимлар турадиган хоналар ва ҳарамдан (бешинчи ҳовли) иборат бўлган. Саройга жануб томонда қурилган махсус дарвоза орқали кирилган. Дарвоза ичкарисида хон маҳкамаси, шахсий қўриқчилар учун хоналар, девонхона бунёд қилинган. Саройдаги Исфандиёр тўра учун мўлжаланган хоналарга Россиядан келтирилган чинни печкалар ўрнатилган. Феруз вафотидан сўнг тахтга чиққан Исфандиёрхон (1910-1918) ўзи учун янги услубдаги Нуруллабой саройини қурдириб, бу боғдаги қурилишларга нуқта қўяди. Янги қурилган қабулхона чет эллик (россиялик) меҳмонларни қабул қилиш мақсадида қурилган. Бош вазир Ислом Хўжа Исфандиёрнинг қабулхона қуришига қарши чиқади. Чунки, почта-телеграф ва касалхона қурилиши кечикаётган, хазинада пул кам эди. Аммо, хоннинг қатъий фармонидан кейин шогирди Раҳимберган маҳрамни соҳибкор (қурилиш бошлиғи) қилиб тайинлайди. Қабулхона 1911–13 йилларда қурилган, медицина фанлари доктори, профессор А.А.Абдуллаевнинг Хоразмда тиббиёт асарида шундай жумла бор:- Ислом Хўжа яна Москвага бориб, шаҳарнинг бошлиғи Н.И.Пучков қабулида бўлади. Москва шаҳрининг бошлиғи уни москвалик архитектор А.М.Ропа билан таништиради. А.М.Ропа бошчилигидаги архитекторлар Хивада бўлишиб касалхона, телеграф ва алоқа, элчиларни қабул қилиш учун меҳмонхона лойиҳасини маслаҳатлашиб кетишади. Тез орада лойиҳа тайёрланиб қурилиш бошлаб юборилади. 1911- 1913 йилларда қурилган бу қабулхона қурилиш учун алоҳида пишган ғиштлар тайёрланган. Ғиштнинг лойи шаҳар ёнидаги Аваз дунак қишлоғидан келтирилиб, махсус ишлангандан кейин 4 та хумбузда пиширилган. Ғишт пишириш ва териш (кладка)да усталаридан Бобожон хумбуз, Матёз бола, Хасан пирсиён, Қурёз Бобожон ва бошқалар ишлашган. Саройнинг томи юпка темир листлар билан соябон (уч бурчак) шаклида бостирилган. Сарой етти хонадан иборат бўлиб, эшик, дераза ва паркет полларини ок мачитлик немис усталари тузатишган (оқмачит Хивадан 15 км шарқда жойлашган қишлоқнинг номи )  Қабулхона хоналари ички безаклари билан бир биридан фарқ қилади. Девор ва шифтдаги ганч ўйма ишларини Рўзмат арбоб Машарипов, Нурмат уста, Худойберган Ҳожи, Қурёз Бобожонов ва бошқалар бажаришган. Ганчдан нақш ўйилган деворларга Ваисёз Маткаримов бошчилигида мой бўёқлар билан ранг берилган. Шифтлардаги Европа усулида ясалган гуллар ва фаришталар расмини рус рассомлари ясашган. Мусулмон динида рухсат этилмаган бундай фаришталар расмини ясашга хоннинг вазири акбари, қайнотаси Ислом Хўжа рухсат этган. Ислом Хўжа замонасининг ўқимишли, илғор фикрли кишиси бўлган. Меҳмонхонанинг иккинчи хонаси зиёфат учун ажратилган бўлиб ўлчамлари 8х14м, баландлиги 6м, тўртинчи хонада хоннинг қабулхонаси жойлашган бўлиб, бу ерда ҳар хил шартномалар имзоланган. Саккиз бурчакли юмалок зал деб юритилган бу хонанинг ўлчамлари 10 м, баландлиги етти метрдир. Хон даврида бу хонанинг ҳар бурчагида биттадан 1,5x3 метрли кўзгу қўйилган. Бу хонанинг шифти ёғочдан ишланган бўлиб, ниҳоятда усталик билан нафис геометрик шакллар ясалган ва олтин суви бериб ишланган. Шифтни безашда хивалик усталардан Бобожон Қаландар, Машарип Қаландар, Ваисёз Маткаримов ва бошқалар маҳорат кўрсатишган, шифтнинг пастидан деворларга ўрнатилган тўлқинсимон карнизлар Россиядан махсус қоғозларга ўралиб келтирилган. Олтинчи хона шифтини ўртасига ганч ўймакорлиги усталари томонидан мусулмонлар символи-ярим ой ва юлдузлар нақши туширилган, яна рус усталари бу хона шифтининг тўрт томонига биттадан фаришталар расмини мой бўёқлар билан ясашган. Бунинг натижасида бир хонанинг ўзида ҳам мусулмон, ҳам христиан динига мансуб белгилар пайдо бўлган. Меҳмонхонанинг еттинчи хонаси шифтига товус патининг гуллари  чиройли  қилиб ясалган ва ҳар хил рангдаги қимматбаҳо тошлар ўрнатилган. Деворларидаги ганч ўйма нақши жуда нафис қилиб ишланган ва бронза  ранг билан бўялган. Хон саройини қиш кунларида қиздирилиши учун Россиядан еттита чинни (фаянс) печка келтирилган. Бу печкалар якка плиткалардан иборат бўлиб, уларни рус усталари қуриб берганлар. Печкалар саксовул билан қиздирилган. Хива хонлигида яна бир янгилик, меҳмонхона учун электр қандилларининг келтирилиши билан қандиллар катта ва оғир бўлганлиги сабабли, сарой томида маҳсус ёғоч қурилмалар ишланган. Ана шу пирамидасимон қурилмаларга қандиллар осиб қўйилган. Қандиллардаги электр лампочкаларни ёқиш учун Хивага ўн олти от кучига эга бўлган кичкина двигитель келтирилган. Хивада биринчи марта электр лампочкасини Волга бўйидаги Сызань шаҳридан чақирилган Мусо Сабанович Янгиўразов  ёққан. Қабулхона қурилиши учун хазинадан 70 минг тилло (126 минг сўм) харажат қилинган. Бинода инқилобдан кейин ҳукумат уйи, бошқарув органлари жойлашган. Кейинги даврларда Маориф уйи ва музей биноси сифатида фойдаланилган, ҳозирги кунларимизда сарой қайта таъмирланиб, асл ҳолига келтирилган.

Биринчи Хива касалхонасининг очилиши (1912 йил)

XX аср бошларига келиб, шаҳарда яна бир қатор жамоат жойлари қурилган, шулар ичида 1912 йили Оқ ёп канали ёқасида Россия императори Николай II нинг ўғли Шаҳзода Алексей шарафига қурилган касалхонадир. Бу ҳакда бино пештоқига шундай сўзлар битилган:- “Сайид Исфандиёр Баҳодирхондан шаҳзода Алексейга 1912 йил.” Битик араб ёзувидаги туркий тилда ва эски славян ёзувида  ёзилиб касалхонанинг олдинги иккита пештоқи оралиғидаги ойнаванд пештоқ тепасига муҳрланган. Касалхонада дастлаб хон ва унинг яқин кишиларини даволашган, кейин халққа ҳам руҳсат қилишган. Бу касалхонада дастлаб битта шифокор иш бошлаган, кейинчалик уларни сони оширилган ва бир йўла эллик нафар беморга хизмат кўрсатган.

Бу касалхонада ҳозирги кунларимизгача эл севган шифокорлар халққа беминнат хизмат қилмоқдалар.

1913 йилда шифохона қаршисида почта-телеграф биноси қурилди ва Марказий Осиё шаҳарларини бир-бирига боғловчи алоқа йўлга қўйилди. Бу давргача алоқа хизмати махсус чопарлар орқали амалга ошириларди, ҳозир бу бинода алоқа музейи ташкил қилинган. Бинони қурилишида хивалик усталар:- Қурязов Бобожон ўғли, Бобожон Қаландар ўғли, Ота Шихов (Отамас), Исмоил Абдияз ўғли, Хударган Хўжа ўғли, Рўзмат арбоб Машарип ўғли ва Содиқ хўжа Маткарим ўғли қатнашган.

Қибла тоза боғ

Ҳар бир Хива хони ўз даврида дунёда тенгсиз бир сарой ёки дала ҳовли қуришга ҳаракат қилган. Хива саройлари ва қасрлари орасида энг машҳурларидан бири Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) томонидан 1897 йилда қурилган Қибла Тоза боғ саройидир. Сарой ўзининг кенглиги, меъморий услуби, Хивага хос айвонларнинг турли туманлиги, қурилиш техникасининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Сарой учта катта комплексдан иборат: биринчи ҳовли хон ва сарой аҳли хизматкорлар учун, иккинчи ҳовлида хон ва унинг оила аъзолари яшайдиган бир неча айвон, учинчи ҳовли-оврўпача услубда қурилган айвон ва хоналардан иборат. Исфандиёрхон даврининг илк йилларида (1913 й.) қурилган ушбу учинчи ҳовли худди 1912 йилда Нуруллабойда қурилган қабулхонага ўхшатиб қурилган, лекин бу ерда усталар кўпроқ гиреҳ (геометрик) нақшларни ишлатганлар. Қадимда сарой ўртасида ҳовуз, гулзор мавжуд бўлиб, ҳовуз атрофига сояси киши танига ором бағишлайдиган гужум дарахтлари экилган. Саройнинг атрофида ёзги ва қишги масжид, мадраса, мактаб, отхона, тегирмон бўлган. Саройни гир атрофи боғ билан ўраб олинган. Ўз даврида ушбу сарой ёнида Вазири акбар Ислом хўжани уйи ҳам, сарой чиройига кўрк қўшиб савлат тўкиб турган. хивалик уста Қуронбой Маткаримов ва катта уста Ботир ака Болтаев бошчилигидаги бир гуруҳ таъмирчи-рассом ва наққош усталар 1990-йилларда ушбу масканда таъмирлаш ишларини олиб олиб боришган. Ҳозирги кунларимизда сарой чет эллик меҳмонларнинг севиб томоша қиладиган ва овқатланадиган жойига айланган.

12.04.2011 й.